Зўравонлик ҳолатларида ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг янги тизимини жорий этиш таклиф қилинди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентга зўравонлик ҳолатларида ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг 3 босқичли янги тизимини жорий этиш таклиф қилинди.

Унга кўра:

  • маҳалла даражасида ижтимоий ходим, профилактика инспектори ва хотин-қизлар фаоли томонидан тазйиқ ҳолати ўрганилиб, доимий кузатиб борилади;
  • туман миқёсида “Инсон” марказларида ҳимоя ордери талаб қилмасдан психологик, ҳуқуқий ва бошқа турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Шифохоналарнинг шошилинч бўлимларида бирламчи кўмак хоналари ташкил этилади;
  • вилоят даражасида реабилитация марказларида ариза талаб этмаган ҳолда ижтимоий хизматлар кўрсатиш шартномасига мувофиқ 6 ойгача бошпана ва чуқур реабилитация қилиш учун психологик ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатилади.

Бундан ташқари, таълим ва меҳнат муносабатларида зўравонликнинг олдини олиш чоралари ҳам кўрилади. Бунда ҳимоя ордерини бериш билан бир вақтда зўравонни тузатиш дастури ишлаб чиқилади ва “Инсон” маркази билан келишган ҳолда амалга оширилади. Ички ишлар органлари томонидан зўравонларнинг реестрини юритиш тартиби жорий этилади.

Зўравонликка учраган шахсларга ижтимоий хизматлар стандарти ишлаб чиқилади. Бу соҳада нодавлат нотижорат ташкилотлари ривожлантирилади.

Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, уларни манзилли йўлга қўйиш, ҳар бир аёл учун муносиб турмуш ва меҳнат шароитлари яратиш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.