Зўравонликдан жабрланганларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кучайтирилади
10 май куни Президентнинг “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 175-сонли Қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга “оила – маҳалла – туман ва ҳудуд” тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилади.
2024 йил 1 июндан:
тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилади ҳамда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг “102” телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида рўйхатга олинади.
тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида қуйидагилар амалга оширилади:
- хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори иштирокида тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказилади;
- профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилади;
- тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч қабул бўлимларига жойлаштирилади;
- расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва жабрланган шахсларга доир маълумотлар “Инсон” марказларига “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали юборилади.
Шарҳлар