Контрафакт ва қалбакилаштирилган маҳсулотлар олиб кирилишини қандай тўхтатиш мумкин: жиноий жавобгарлик
Ҳуқуқшунос Мадина Турсунова хуфия импорт муаммоси мавзусини очиб беришда давом этади. Жаҳон тажрибаси контрафакт маҳсулот якуний истеъмолчи қўлига тушиши учун тўсиқлар яратиш ва контрафакт маҳсулот айланмаси учун жиноий жавобгарлик чораларини қўллаш энг самарали ёндашув ҳисобланади.
Амалдаги қонунчиликда контрафакт маҳсулот айланмаси учун бевосита маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари мавжуд эмас, жарима миқдори эса сезиларсиз. Рақамли маркировкани жорий этиш маркировка қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини қўллаш билан бирга олиб борилмайди, бу ишлаб чиқарувчилар ва импортчилар томонидан янги қоидаларга амал қилиш устидан самарали назорат масаласини қўймоқда.
Жорий қонунчиликда қуйидаги моддаларни кўрсатиш мумкин:
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс
165-Модда. Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш.
Мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
177-Модда. Ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш.
Ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгилардан шу турдаги товарларга (хизматларга) нисбатан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ёхуд ўзганинг фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш.
Фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
1771 -Модда. Муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш.
Асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, худди шунингдек асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини такрорлаш, тарқатиш, барчанинг эътиборига етказиш ёхуд асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг нусхаларида уларнинг тайёрловчилари ҳақида, уларни ишлаб чиқариш жойлари тўғрисида, шунингдек муаллифлик ҳуқуқининг ва турдош ҳуқуқларнинг эгалари ҳақида ёлғон ахборотни кўрсатиш.
Асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини, шунингдек уларни такрорлаш ҳамда тарқатиш учун фойдаланиладиган материаллар ва ускуналарни ҳамда бошқа ҳуқуқбузарлик содир этиш қуролларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси
186-3-Модда. Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш.
Базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
2018 йилгача қатор назорат қилувчи давлат органлари маъмурий ундирувларни қўллаш тўғрисида қарор киритиши мумкин эди, бироқ кейин уларнинг ваколати материалларни маъмурий судга (2021 йил 1 январидан жиноий судга) бериш билан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённома тузишгача чекланди.
Бунинг устига Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасида шундай дейилади: агар ушбу Кодекс 165-моддасининг биринчи қисмида, 177-моддасининг биринчи қисмида, 177-1-моддасининг биринчи қисмида, 177-2-моддасининг биринчи қисмида, 178-моддасининг биринчи, учинчи — саккизинчи қисмларида, 178-1-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар йўл қўйилган бузилишларни ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кунлик муддатда ихтиёрий равишда бартараф этган ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим.
Судлар ушбу моддани кенг талқин қилади ва йўл қўйилган қонунбузарлик бартараф этилганлигига реал далилларни тақдим этмасдан маъмурий жавобгарликдан озод этади. Қонунчиликдаги ушбу “туйнук” инсофсиз тадбиркорлар жавобгарликка тортилмасдан қолишига, судлар эса маъмурий ишни тўхтатишига имкон яратади. Механизмнинг бошқа камчилиги шундаки, маъмурий орган ҳуқуқбурзарликни содир этган шахс иштирокида маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённома тузиши шарт.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 282-моддаси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага қуйидагилар илова қилинишини белгилайди:
- маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси;
- маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг тушунтириши.
Акс ҳолда баённома бузилишлар билан тузилган ҳисобланади ва суд материалларни маъмурий органга қайтаради ва иш қўзғатмайди.
Жавобгарликдан қочишнинг яна бир усули – ўз ваколатларида чекланган ва ҳуқуқбузарнинг мажбурий ушлаб келтирилишини амалга ошира олмайдиган маъмурий органга келмаслик.
2019 йилда Кодекснинг 284-моддаси (“Ҳуқуқбузарни ушлаб келтириш”) қуйидаги таҳрирда қабул қилинди:
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш мақсадида, агар баённома тузиш шарт бўлиб, уни жойнинг ўзида тузишнинг имкони бўлмаса, ички ишлар органи ходими ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузишга ваколатли бошқа шахс ҳуқуқбузарни ички ишлар органига ёхуд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи биносига келтириши мумкин.
Бироқ бунинг маъмурий органлар томонидан амалга оширилиши қийин. Шу сабабли маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги аризаларни контрафакт маҳсулотлар айланмасини назорат қилишга чақирилган давлат органларига (Интеллектуал мулк агентлиги, Монополияга қарши қўмита, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Санитария-эпидемиологик назорат ва жамоатчилик соғлиғи хизмати) тақдим этиш ҳар доим ҳам самарали эмас.
Маъмурий орган огоҳлантириш ёки тақдимнома чиқариши мумкин, ҳуқуқбузарликни бартараф этиш ҳақидаги кўрсатма бажарилмаган тақдирда, жавобгарликдан юқоридаги сабабларга кўра осонгина қочиш мумкин. Контрафакт маҳсулот айланмасидан ноқонуний даромад олаётган юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар ва жавобгарликни қўллаш мавжуд эмас.
Асосий муаммо жиноий жавобгарликнинг йўқлигида ҳам. Жиноят кодексида фақат савдо қоидаларининг бузилиши ҳақидаги моддалар бор, улар бўйича контрафакт маҳсулотни ишлаб чиқарганлик ва сотганлик учун жавобгарликка тортиш жуда қийин. Бевосита жавобгарлик фақат қалбакилаштирилган дори воситалари учунгина кўзда тутилган.
Кўриб турганимиздай, мавжуд вазият шуниси билан парадоксалки, Иқтисодий жиноятларга қарги курашиш департаменти контрафакт маҳсулот айланмасига қарши курашиш бўйича муҳим орган ҳисобланади. Айни пайтда савдо нуқталарида контрафакт маҳсулот сотилаётгани ҳақида Департаментга тақдим этилган аризалар маъмурий органга берилади, унда эса тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш, ҳибсга олиш ва контрафакт маҳсулотларни олиб қўйиш бўйича ваколатлар йўқ.
Контрафакт ва хуфия импорт иқтисодий хавфсизликка зарар етказади, бозорнинг инсофли иштирокчиларига бевосита зарар олиб келади, якуний истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солади.
Жавобгарлик реал ҳолатга айланмас экан, маркировка ва божхона чоралари соҳасидаги барча ишлар узоқ муддатли истиқболда натижа бермайди.
Ҳуқуқшунос, патент бўйича ишончли вакил Мадина Турсунова
Бош саҳифадаги фотосурат: Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси
Шарҳлар