Tashkent City ХИМ – миллийлик ва инновацион ечимларнинг уйғунлиги
Дунёдаги йирик марказларининг архитектура мисолларини мамлакатимизнинг миллий ўзига хослигимиз нуқтаи назаридан кўрмоқчимисиз? Ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасини ҳис қилган ҳолда бу муҳитдан нафас олиш, унинг марказида бўлишни истаган бўлсангиз, Tashkent City ХИМ назар ташланг…
Tashkent City ХИМ келажак шаҳрини яратиш жараёнида энг илғор шаҳарсозлик, иқтисодий ва бизнес қарашлар кесишган жойга айланмоқда. Инновацион лойиҳани амалга ошириш устида бутун дунёдан келган етакчи архитектор, лойиҳачи, дизайнерлар иш олиб бормоқдалар. Италия, АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур каби мамлакатларнинг вакиллари яқин йилларда бу ерда энг дадил қарорларни ҳаётга татбиқ этишади.
Умуман олганда, маҳаллий лойиҳаларни ишлаб чиқишда хорижлик мутахассисларни иштирок этишга жалб этиш ўз навбатида юқори даражада эътироф этилган трендга айланиб бормоқда.
Яқиндагина Давлат раҳбари Германия фуқаросини Инновацион ривожлантириш вазирининг ўринбосари қилиб тайинлади. Шунингдек, Австрия, Туркия, Жанубий Кореядан келган мутахассислар турли йўналишлар бўйича маслаҳатчи вазифасида фаолият олиб боришмоқда.
Tashkent City ХИМ дунё стандартларига амал қилган ҳолда халқаро бошқарув тамойиллари ва истиқболларини ҳаётга татбиқ қилмоқда. Масалан, лойиҳани ривожлантиришнинг тижорат концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда унинг хориждаги ўхшаш лойиҳалар билан солиштириш учун Cushman & Wakefield йирик халқаро компаниясига мурожаат қилинди.
Унинг хизматлар жамланмасига тижорат самарадорлигини ошириш, индекс ва индикаторлар мониторинги, шаҳар ва ҳудудларнинг ўзига инвестицияларни жалб этиш даражасини баҳолаш, шунингдек қўшни мамлакатлардаги кўчмас мулк бозорларининг тавсифи киради. Компания қурилиши режалаштирилган объектларнинг бозор қийматини баҳолади ва унинг фойда келтириш самарадорлигини таҳлил қилди, текширди ва юзага келиши мумкин бўлган хавфлар даражасини ўрганиб чиқди.
Бошқача қилиб айтганда Халқаро ишбилармонлик маркази самарали лойиҳа бўлиши учун нима қилиш керак? Тадбиркорлар сарфлаган маблағни қоплаши ва кетган харажатни “кўтариши” учун бир квадрат метр ижара нархи қандай бўлиши керак? Мамлакатнинг барча аҳолисини Инновацион Cityга ташрифини таъминлаш учун нима қилиш керак?
Юқоридаги масалаларга ижобий жавоб топиш учун хорижда улкан ишбилармонлик лойиҳаларни амалга оширган экспертлар мамлакатимизнинг иқтисодий ўзига хослигини бирма-бир ўрганишди, келажакда ривожланишининг стратегиясини ишлаб чиқишди. Tashkent City ХИМ қуришда шу каби маълумотлар ҳисобга олинмоқда.
Таъкидлаш керакки, чиқарилган қарорлар ривожланган хорижий давлатлар тажрибасига асосланган. Лойиҳа муаллифларининг айтишича, шаҳар миллий ўзига хослигини йўқотмайди. Мутахассислар шаҳарнинг шарқона жиҳатига урғу берган ҳолда унинг энг замонавий ривожланган шаҳарга айлантириш устида ишлашмоқда.
Шарҳлар