Tashkent Сity ХИМ (Халқаро Ишбилармонлик Маркази) қайси маблағ эвазига қурилмоқда
Пойтахтимиз қиёфасини тубдан ўзгартириши кутилаётган бунёдкорлик ишлари ўзининг кўламдорлиги ҳамда атрофида кечаётган баҳс-мунозаралари билан жамоатчиликнинг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда. Булар – айниқса, улкан инновацион иншоотлар барпо этилаётган Ўқчи ва Олмазор маҳаллалари аҳолисининг кўчиртиришдан бошлаб, қурилишга сарфланаётган молиявий маблағга ҳам тааллуқли.
Жараён бир лаҳза ҳам тингани йўқ: юк машиналари карвони тун-у кун бунёд этилаётган Tashkent City ҳудудига тонналаб тупроқ, шағал, қум ва бошқа қурилиш ашёларини ташияпти; чиқитлар олиб чиқиб кетилмоқда. Аммо маълумотлар жуда кам, қурилиш тевараги улкан чодирлар билан ўраб қўйилган, объект ишчи-ходимлари эса бу борада изоҳ беришни кўп ҳам исташмайди.
Расмий маълумотлар эса жуда кам. Ахир 80 гектарлик майдонда катта ўзгаришлар бўладию, гап сўз урчимай қоладими? Элнинг оғзига эса элак тутиб бўлмайди. Ёки лойиҳа ҳақиқатан ҳам “ёпиқ эшиклар” мазмунида амалга оширилаяптими? Одамларнинг гап-сўзларига қулоқ тутамиз:
“Лойиҳа давлат бюджети ҳисобидан қурилмоқда!”
“Tashkent Cityда аслида барча иншоотлар бузилиб, ўрнида ҳеч нарса қурилмаяпти!”
“Тарихий-меъморий ёдгорликлар ва яна бошқа кўп биноларни бузишди!”
“Кўп йиллик дарахтлар… Уларни битта ҳам қолдирмай илдизи билан қўпориб ташлашди!”
Сизга таниш бўлган мушоҳадаларми?
Бу жамоатчиликнинг ижтимоий тармоқларда қолдирган фикрлари. Янаям аниқроқ айтсак, сиз билан бизнинг айни пайтда ҳис-ҳаяжонга йўғрилган мулоҳазаларимиз. Хўш, бу қабилдаги фикрлар пайдо бўлишига нима сабаб бўлди?
Келинг, шулар тўғрисида суҳбатлашайлик ВА…
Аввалбошдан муддаога кўчайлик – Tashkent Сity ХИМ жамоаси ўзининг барча “сир-асрорларини очиш”га тайёр! Биз шаффофлик тарафдори. Шу боис жамоатчилик вакиллари фикрини инобатга олган ҳолда очиқ мулоқотга тайёрмиз ва амалга оширилаётган қурилиш ишлари ва истиқболдаги режаларни баён этишга ҳар доим тайёрмиз. Агар кузатиб бораётган бўлсангиз, бу борада ахборот материаллари чоп этилмоқда, ижтимоий тармоқларда эса махсус саҳифалар фаолият кўрсатаётир, бинокорликнинг муҳим жиҳатларини кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш баробарида учрашув ва баҳс-мунозараларда билдирилган асосли ғоялар инобатга олинаяпти. Уларнинг натижалари эса, албатта татбиқ этилмай қолмайди.
Энди, юқорида келтирилган айрим учқуйруқ саволлар ҳақида.
Айтиш керакки, лойиҳа давлатимиз раҳбарининг шахсан назорати остида. У маҳалий ҳамда хорижий инвесторларнинг сармоялари ҳисобига барпо қилинмоқда. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг соҳага оид № 559 қарорига мувофиқ давлат томонидан маблағ ажратилмаган.
Шаҳарсозлик ҳужжатлари, меъморий концепциялар, мухандислик лойиҳалари ушбу қарорга мувофиқ киритилган сармоялар асосида ишлаб чиқилмоқда. Шаҳардаги ишбилармонлик муҳитини яратишда қурилишга бевосита маҳаллий ҳамда хориждаги меҳнат бозорининг энг олди муҳандислари, лойиҳачи, архитекторлари ва бошқа мутахассислар жалб қилинган. Уларнинг молиявий таъминланиши хам хусусий инвесторлар маблағи ҳисобидан амалга оширилмоқда. Бу ҳуқуқий мақомда белгилаб қўйилган.
Ҳудуд 8 алоҳида майдонга ажратилиб, уларнинг ҳар бирида ишлар турли муддатда 2021 йилгача тугатилиши белгиланган. Унда Германия, Жанубий Корея, Буюк Британия йирик компанияларининг алоҳида инвесторлари фаолият олиб боришмоқда.
Tashkent Сity ХИМнинг лойиҳасининг дастлабки концепцияси Англиянинг меъморий компанияси ARUP тарафидан ишлаб чиқилиб, у 4 йил муддатга мўлжалланган. Лойиҳанинг илк концепцияси бошқа компаниялар томонидан хам яратилган, бироқ Давлат раҳбари томонидан айнан шу вариант танланди. Қисқа вақт ичида шахарнинг марказида ўз имкониятлари ва истиқболлари билан одамларни ҳайратга соладиган замонавий City қуриб, йирик тадбиркорларни Ўзбекситонга жалб қилган ҳолда улар учун ижобий сармоявий мухитни шакиллантириш Tashkent city ХИМнинг олдига қуйган вазифаларидан биридир.
Tashkent Сity ХИМ тўғри маънода ҳозир ва келажакда биз билан фаолият олиб боришни истаган хорижлик инвесторлар учун ўзига хос кўзгу ҳисобланади. Гарчи, барча лотлар банд бўлишига қарамай, инновацион лойиҳани молиялаштиришни истовчилар сони хали талайгина. Қурилиш ишлари жадал суръатлар билан кетаётган бўлсада, инвесторларнинг ташрифлари, учрашувлар, келишувлар ҳали давом этмоқда. Тўғрисини айтиш керак, сармоясини мазкур лойиҳага ишлатмоқчи бўлганларнинг баъзилари хозирча қурилиш ишларини диққат билан кузатиб туришибди, баъзилар эса лойиҳани синчковлик билан қайта-қайта ўрганиб сармоя тикишдан аввал ўз таклифларини беришмоқда. Сармоя киритмоқчи бўлган янги инвесторларга эса шахардаги янги лойиҳалар таклиф этилмоқда. Энг муҳими Tashkent City ХИМнинг барпо этилиши хеч бир ишбилармонни бепарво қолдирмади. Зеро, ушбу лойиха бугунги Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритмоқчи бўлганлар учун, хақиқий намуна ва кузатув платформа вазифасини хам бажаряпти.
Tashkent Сity ХИМ – мамлакат янги иқтисодий ривожланиш босқичида тўлиқ инвестиция киритишнинг илк инновацион майдони бўлиб, унда янги инвестицион ғоялар жамланади ва амалда шакллантирилади.
Шарҳлар