Нега баҳор қуёшидан сақланиш керак
Баҳорда қуёшнинг ультрабинафша нурланиш индекси ошиши кузатилади. Нурланиш қоқ туш пайти максимал даражага яқинлашиб, то 16:00 гача юқори фаоллигини сақлаб туради.
Шундай шароитда терининг қуёш нурига сезгирлиги ошиши натижасида фотодерматоз касаллиги юзага келади. Статистик маълумотларга кўра, ҳозир бу хасталик дунё аҳолисининг тахминан 20 фоизида учрайди.
«Қуёш нурининг ўзи аллерген ҳисобланмайди. Бироқ ультрабинафша нурланиш тери ёки инсон танасидаги ҳар қандай модда билан ўзаро таъсирга киришганда, аллергик реакция пайдо бўлиши мумкин. Натижада, қўл соҳалари ва кўкракнинг юқори қисмида пуфакча, қавариқ, қизил доғ, куйиш кўринишидаги турли тошмалар юзага келади. Баъзан терининг қипиқланиши, қичишиши ва шишлар ҳам кузатилади», – дейилади хабарда.
Тошмалар офтоб таъсир қила бошлаган илк соатлардан то ҳафта давомигача ҳосил бўлади. Кўпинча фотодерматоз белгилари муолажалардан сўнг йўқолиб кетади. Аммо бу ҳолат инсонни умр бўйи таъқиб қилиши эҳтимоли ҳам мавжуд.
Шу сабабли баҳорнинг офтобли кунларида соат 11:00дан 16:00гача қуёш нурлари остида узоқ вақт юрмаслик, агар зарурат туғилса, бош кийим кийиш ёки соябон тутиш, кўзойнак тақиш ва имкон қадар ёпиқ либослар кийишни тавсия этилади.
Сезувчан тери учун мўлжалланган қуёш нурига қарши кремлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Лекин баъзи дориларда фотодерматозни келтириб чиқариш ёки хасталикни кучайтириш хавфи бўлганлиги боис препаратни қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.
Шарҳлар