Болаларни юқумли касалликларга қарши эмалшга қанча маблағ ажратилган
2023 йилда болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш учун 205 млрд. сўм маблағ ажратилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова маълумот берди.
«2023 йилда мамлакатда Санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида бирқатор тизимли ишлар амалга оширилган. Жумладан, ўтган йиллар давомида Европа ва Жаҳон савдо ташкилотлари халқаро талаблардан келиб чиқиб, 40 та санитария қоида ва меъёрлари янги таҳрирда қабул қилинган бўлса, 2023 йилнинг ўзида 14та санитария қоида ва меъёрлари янги таҳрирда қабул қилинди ва халқаро андозаларга мослаштирилди«, – дейилади хабарда.
Қўмитанинг илмий салоҳиятини ривожлантириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан қўмита ҳузурида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилди. Марказда ўтган йилда 417та мутаҳассис малака оширди ва қайта тайёрловдан ўтди. Марказ Нидерландия, АҚШ, Корея, Малайзия, Германия, Россия каби давлатлардаги олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатди.
2023 йилда АҚШ касалликларни назорат қилиш марказлари (CDC) ва Тошкент тиббиёт академияси билан биргаликда амалий эпидемиология (FETP) дастури доирасида “Эпидемиология асосларини ўқитиш” бўйича курсларда 20 нафар мутахассис малакасини ошириб, эпидемиология соҳасидаги илғор тадқиқот услубларини амалиётга қўллаш кўникмаларига эга бўлди.
Ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Олий таълим муассаларининг 456 нафар битирувчиси ишга қабул қилинди ҳамда “устоз-шогирд” тамойили асосида уларга малакали ва тажрибали мутахассислар бириктирилди.
Аҳолининг эпидемиологик барқарорлигини таъминлаш мақсадида Европа ва қўшни давлатларда қайд этилаётган юқумли касалликларнинг мамлакат ҳудудига кириб келиши ва тарқалиш хавфини олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар янада такомиллаштирилди. Жумладан болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш учун 205 млрд. сўм маблағ ажратилди, бу маблағлар 2017 йилда ажратилган маблағларга нисбатан 10 бараварга ортди ва болаларни 13 хил касалликларга қарши эмлаш қамрови 95 фоиздан юқори кўрсаткичларни кўрсатмоқда.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши мақсадида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.
«Экспертни қўллаб-қувватлаш мақсадида йил давомида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланадиган 1788 та экспортёр корхоналар рўйхати шакллантирилди. Уларга 1452 нафар қўмита ходимлари бириктирилиб, экспортёр корхоналарда мониторинг ўтказилди, уларнинг муаммолари ўрганилди ҳамда эксперт қилиш учун кўмаклашиш ишлари амалга оширилди», – дейилади хабарда.
Четдан олиб келинадиган импорт маҳсулотларга санитария-эпидемиологик хулосалар расмийлаштириш жараёни 30 фоизгача қисқартирилди.
Соҳа ривожи ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун қарийб 243 ярим млн долларлик 5 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Қўмита қошида ташкил этилган Миллий референс лаборатория ва 21 та таркибий муассасалар лабораториялар халқаро аккредитациядан ўтказилиб улар томонидан ўтказилган хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича таҳлил натижалари озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти жараёнларида дунё мамлакатларида тан олинишига эришилмоқда. Бундай тизимли ишларни 2024 йилда ҳам давом эттириш режалаштирилган.
Шарҳлар