Энг кўп учрайдиган касалликлар учун дори-дармонлар аҳолига бепул берилади
21 май куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида соғлиқни сақлаш соҳасига бағишланган йиғилишда бугун тиббиёт муассасалари етарлича рақамлаштирилмагани сабабли суғурта тизими тўлиқ ишламаётгани, шифокорларнинг аксарият вақти ҳисобот тўлдиришга кетаётгани таъкидланди.
Шу боис эндиликда Тошкент шаҳрида соҳани рақамлаштириш бўйича намунавий тизим яратилади. Бунинг учун барча муассасалар янги компьютер ва техника воситалари билан жиҳозланиб, йил якунигача “Электрон поликлиника” ва “Электрон шифохона” тизимлари ишга туширилади.
«2024 йил пойтахтда давлат тиббий суғурта механизмлари жорий этилади. Бу аҳоли томонидан тўланаётган умумий солиқлар ҳисобидан бўлиб, одамлардан қўшимча бадаллар ундирилмайди», – дейилади хабарда.
Тиббий суғурта доирасида:
давлат томонидан аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори воситаларининг кафолатланган пакети жорий этилади;
- беморларни ўзлари бириктирилган оилавий шифокорлар орқали тор соҳа мутахассисларига ёки шифохоналарга йўллаш тизими ташкил этилади. Бунда ушбу тартибга риоя қилинган ҳолдагина бепул тиббий хизматлар кўрсатилади;
- аҳолига кафолатланган пакет доирасида энг кўп учрайдиган касалликлар бўйича дори воситалари электрон рецепт асосида дорихоналар орқали бепул берилади;
- молиялаштиришнинг натижага асосланган усуллари (жон бошига ва даволанган ҳолатлар бўйича) жорий этилади;
- туман, вилоят ва республика даражасида даволанадиган касалликлар рўйхати белгиланади.
Шарҳлар