Нафас қисишининг сабаби нимада
Нафас қисишини келтириб чиқарувчи бир қанча сабаблар бор. Улар физиологик ва патологик бўлиши мумкин. Физиологик нафас қисиши жисмоний ҳаракат туфайли келиб чиқиб, организмнинг кислород эҳтиёжи ошиши натижасида пайдо бўлади. Бу ҳақда ССВ ёзмоқда.
Бу ҳолат 10-20 дақиқадан сўнг ўтиб кетса, саломатлик учун зарари йўқ. Аммо бирор жисмоний ҳаракатдан кейин узоқ вақт нафас қисиши давом этса, бу бирор касаллик аломати ҳисобланади.
Нафас қисилиши объектив бўлиши ҳам мумкин. Одам доимо бу муаммодан азият чекса, унга кўникиб, бора-бора сезмай қолади. Бунда бемор гаплашганда, юрганда ёки ҳаракатланганда оғир нафас олади. Агар бу ҳолат турли касалликлар туфайли юзага келса, патологик нафас қисиши ҳисобланади.
“Ушбу касаллик асосан нафас олиш, асаб, юрак-қон томир тизими ва бошқа аъзолар хасталикларида учрайди. Марказий нафас қисиши нафаснинг идора қилиниши бузилганда ёки бош миядаги нафас марказида муаммо кузатилганда рўй беради. Бу ҳолат тинчлантирувчи дорилар ёки наркотик моддалар билан заҳарланиш, бош мия жароҳатлари, бош мияга қон қуюлишида содир бўлади”, – дейди пульмонолог Хайрилло Ражабов.
Шунингдек, нафас қисиши ўпка қафаси шикастланганда, нафас олиш тизими аъзолари зарарланганда яъни сурункали обструктив ўпка ва ўпканинг интерстициал хасталиклари, бронхиал астма, пневмония, ўпка туберкулёзи, плевра варақлари касалликлари ва бошқаларда кузатилади.
“Бўғилиб қолишгача олиб келадиган нафас қисиши бронхиал астма ва юрак астмасида содир бўлади. Ўпка тўқимасидаги катта ҳажмли зарарланишларда бўладиган бу ҳолат эса озгина жисмоний ҳаракат қилганда ҳам кучаяди”, – дейилади хабарда.
Бемордаги нафас қисишига нима сабаб эканини аниқлаш учун бир қанча текширувлар амалга оширилади. Оғир ҳолатларда бронхоскопия ўтказилади. Бир дақиқада 16-20 марта нафас олиб-чиқариш соғлом одам учун меъёр ҳисобланади. Беморнинг иситмаси кўтарилганда ёки киши қаттиқ асабийлашганда эса дақиқасига 25 мартадан кўп нафас олиши мумкин.
Шарҳлар