Қизамиқ эпидемияси кенг тарқалмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, агар шошилинч чоралар кўрилмаса, 2024 йил охирига келиб, дунё мамлакатларининг ярмидан кўпида қизамиқ эпидемияси тарқалиш хавфи жуда юқори эканлигидан огоҳлантирмоқда, деб ёзяпти ССВ матбуот хизмати.
Бунга ушбу касаллик ҳозиргача Шимолий ва Жанубий Америка қитъаларидан бошқа барча минтақаларда қайд этилгани ҳамда коронавирус пандемияси даврида қизамиққа қарши эмлаш тадбирлари етарли даражада ташкил этилмагани сабаб қилиб олинмоқда.
“2022 йили дунё бўйича эмлаш қамрови 2021 йилга нисбатан бироз ошган бўлса-да, аммо шунда ҳам 33 миллион бола мазкур хасталикка қарши вакциналар дозалари билан қамраб олинмаган. 22 миллион нафарга яқин ўғил-қиз вакцинанинг биринчи дозасини, 11 миллион нафари иккинчи дозасини қабул қилишдан четда қолган”, – дейилади хабарда.
Бугун дунё бўйлаб қизамиқнинг ўсиш динамикаси кузатилмоқда. Айниқса ўрта даромадли мамлакатларда аҳвол қониқарли эмас. Бундай ҳолатларда 2019 йилги воқеалар такрорланиш эҳтимоли мавжуд.
“2024 йилги эмлаш дастурларида ҳам катта бўшлиқлар бор. Агар ҳолат шундай давом этса, миллионлаб болалар бундан жабр кўриши мумкин”, – деган ЖССТ вакили Наташа Кроукрофт.
2019 йили Ер юзида қизамиқ билан касалланиш даражаси кескин ошиб, сўнгги 23 йилдаги рекорд кўрсаткич, 869 минг ҳолатга етганди. Ачинарлиси, ўша йили бу хасталикдан ўлим статистикаси ҳам 2016 йилга нисбатан деярли 50 фоизга ошиб, 207 минг ҳолатни ташкил этган.
Шарҳлар