Қон қуюқлашиши инсульт ва инфаркт хавфини оширади
Қон инсон тана аъзо ва тўқималарини кислород ҳамда зарур озуқа моддалари билан таъминлайди. У инфекцияларга қарши курашиб, ички аъзолар фаолиятида иштирок этади. Қон қуюқлашиши организмдаги ана шу жараёнларнинг бузилишига олиб келиши, оқибатда эса яширин касалликлар юзага келиши ёки янгилари пайдо бўлиши мумкин.
Қон қуюқлашишига кўпинча совқотиш, қаттиқ асабийлашиш, қандли диабет, шунингдек ширинликлар, картошка, банан, тухум, газли ичимликлар, фастфуд ва турли қовурма таомларни кўп истеъмол қилиш сабаб бўлади. Шунингдек, бу ҳолат кам суюқлик ичиш, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ёки кескин пасайиши ва организмдаги айрим ўзгаришлар туфайли ҳам юзага келади.
«Натижада инсонда бош оғриғи, жиззакилик, тушкунлик, хотира пасайиши, ҳолсизлик, уйқучанлик, қўл ва оёқлар совқотиши, оғиз қуриши каби симптомлар кузатилади», – дейилади хабарда.
Бу ҳолатда юрак тез уриши, нафас қисиши, тананинг турли қисмларида кўкаришлар пайдо бўлиши ва тирноқ шакли ўзгариши ҳам мумкин. Ҳатто мияга қон яхши етиб бормаса, бош айланиши, ҳушдан кетиш эҳтимоли ҳам мавжуд. Бу салбий ҳолатлар эса томирларда қон айланишининг бузилиши ва тромбозлар ҳосил бўлганидан дарак беради. Оқибатда инсульт ва инфаркт хавфи ортади.
Қон ҳолатини текшириш учун шифокорга ўз вақтида мурожаат қилиш лозим. Агар тиббий тееширувлардан сўнг унинг қуюқлиги меъёрдан ортиқ экани маълум бўлса, зарур муолажалар тайинланади. Бироқ қонни суюлтирувчи дори воситаларини ўзбошимчалик билан қабул қилиш мумкин эмас. Сабаби унинг ҳаддан ортиқ суюқ бўлиши жароҳатларда қоннинг тўхтамай қолишига олиб келади, дейилган.
Шарҳлар