02.02.2020 гамбити

02.02.2020 гамбити

Комил Алламжонов Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фонди Васийлик кенгашининг раиси, Саида Мирзиёева эса унинг ўринбосари этиб сайланди. Бу ҳақда 2 февраль куни Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида бўлиб ўтган янги фонд тақдимотида эълон қилинди.
 
Янги фонд очилгани ҳақидаги хабар илк бор мазкур фонднинг ижрочи директори блогер Хушнуд Худойбердиевнинг  Telegram каналида эълон қилинганди. Қайд этиб ўтамиз, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фонди 2019 йил ноябрь ойида рўйхатдан ўтган. Алламжонов бу пайтда бир йилдан бери АОКАга раҳбарлик қилиб келарди.
 
Алламжонов ва Мирзиёева Агентликни тарк этаётгани ҳақида 29 январь куни, яъни фонд очилгани ҳақида маълум бўлганидан кейин бир ҳафтадан сўнг ва у рўйхатдан ўтганидан кейин камида икки ойдан сўнг эълон қилишди.
 
Агентликни бошқариш даврида Алламжонов журналистлар учун ундан олдинги раҳбарлар қилмаган ишларни бажарди – бинони қисман таъмирлади, профессионаллар жамоасини тўплади, журналистлар ва блогерлар билан алоқаларни йўлга қўйди, давлат органлари матбуот котибларининг мақомини оширди, халқаро ташкилотлар билан мулоқотни ташкил қилди, Ўзбекистонни халқаро майдонларда тақдим этди ва журналистлар ва блогерларга улар Агентлик ҳимояси остида эканини билдирди. Унинг охирги ташаббусларидан бири – ОАВда ва интернет тармоғида туҳмат ва ҳақорат учун жазони юмшатишни кўзда тутадиган қонунга ўзгаришларни киритиш ҳақидаги лойиҳа. Алламжоновнинг ислоҳотларида президентнинг қизи Саида Мирзиёева доим ҳамроҳлик қилиб келди.   
 
Бугун фонд тақдимотида сўзга чиқар экан, Саида Мирзиёева журналистлар ўзаро суҳбатларда гапириб юрган нарсаларни, яъни уни биринчи президентнинг қизи билан таққослашаётгани, унга ўхшатишлари, тарихнинг яна такрорланишидан хавфсиришаётгани ҳақидаги гап-сўзларни тилга олди. 

Вазминлик ва силлиқлик билан айтилган жумлалар Саида Мирзиёеванинг бундай гап-сўзларга қандай муносабатда эканини намойиш этди. “Президентнинг қизи бўлиш – бу имтиёз эмас, бу катта масъулият, мен буни жуда яхши тушунаман. Мен жамиятга фойдали бўлишга, журналистлар, блогерларнинг ҳуқуқлари учун курашиш ва уларни ҳимоя қилишга, сўз эркинлигини ҳимоя қилишга ҳаракат қиляпман, бундан кейин ҳам ҳаракат қиламан. Фақат шу тарздагина кучли фуқаролик жамиятини қуриш мумкин”.

Фонднинг мақсад ва вазифалари ҳақида гапирар экан, Мирзиёева сифатли журналистикани ривожлантиришга урғу берди. Шу тариқа фонд жаҳон мейнстрими томон қадам ташлади, ғарб, шарқ ёки яна қандайдир бир журналистика йўқлигини, балки сифатли ва сифатсиз журналистика борлигини кўрсатди.
 
Нодавлат нотижорат ташкилотлари (шу жумладан, янги фонд ҳам) маблағларни турли грантлар, хайр-эҳсонлар, ажратмалар ҳисобидан тўплайди. Алламжонов ўз нутқида фонд ўз фаолиятини фақат халқаро ва маҳаллий ташкилотларнинг грантлари ҳисобидан амалга оширишини таъкидлади. 

Парда ортида эса бошқа хавотирлар янгради: барча манфаатдор ОАВ ва блогерлар ҳам маҳаллий, ҳам хорижий ташкилотларнинг грантларини олувчилар рўйхатига туша олармикан? Шу боис янги фонд ОАВни ривожлантиришга гона грант олувчига айланиб қолмаслиги ва ким грант олишини ҳал қилиш бўйича монопол ҳуқуққа эга бўлиб қолмаслиги муҳим.  
 
Агар вазият шу йўналишда ривожланса, унда Алламжоновнинг жамоаси яратган барча ижобий нарсалар фуқаролик жамиятини қуриш йўлидаги қадрсизланган янги тўсиққа айланади. Шу боис Фонд фаолияти шаффоф бўлиши ва билдирилган мақсадга мувофиқ бўлиши зарур. Мақсад эса – медиабозорда оммавий ахборот воситалари учун тенг шароитларни яратишга, уларни янада ривожлантиришга ҳамда журналистлар ва блогерларнинг ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.

Шунингдек фонд ўз олдига миллий массмедиа ҳамжамиятининг ўзини-ўзи бошқариш механизмларини яратишга кўмаклашишни ўз олдига вазифа қилиб қўйганини билдирди. Фонд медиа ҳамжамияти манфаатларини тақдим этиш учун касаба уюшма ёки ассоциацияга ўхшаш нарсани яратишни режалаштираётганини тахмин қилиш мумкин. Шу куннинг ўзидаёқ медиа учун адвокатлар хизмати яратилиши ҳақида маълум қилинди. Бу ғоя янги эмас, айни пайтда Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази ННТ “Журналистлар учун юридик клиника” лойиҳасини амалга оширмоқда. Эҳтимол катта имкониятларга эга фонд бу йўналишда каттароқ ишларни амалга ошира олар.  “Биз рақобатчилар эмасмиз, ҳаммамиз бир кемадамиз”, – дейди Фонд ижрочи директори Худойбердиев журналистикани ривожлантириш соҳасида фаолият кўрсатаётган кам сонли ННТ билан ўзаро алоқалар ҳақида гапирар экан. 

Ривожланган жамиятда бундай фондлар фаолиятининг муҳимлигини гапиришга хожат бўлмаса керак. Биринчидан, бундай фондлар фикрлар хилма-хиллиги ва мулоқотни ушлаб туриши зарур, уларсиз демократик жамият яшай олмайди. Бошқача қилиб айтганда, у ёки бу муаммоларга нисбатан позицияси умум қабул қилинган ёндашувларга тўғри келмаслиги мумкин бўлган ОАВ ҳам фаолият кўрсатиш ҳамда грантлар ва кўмак олиш  ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Иккинчидан, фондлар маблағларнинг бойлардан камбағалларга, таъминланганлардан эҳтиёжмандларга қайта тақсимланишини таъминлайди.  
 
Ўзбекистон журналистлари очилган пайтида демократияни қуриш ва ОАВни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадлари ҳақида баланд овозда билдирган, аммо вақт ўтиши билан журналистика учун фойдасиз органга ёки ОАВни қатъий назорат қилувчи органга айланган жамоат ташкилотларини яхши эслашади. Бундай трансформация сабаблари ННТни яратиш тамойилларининг бузилишида – ташаббус қуйидан чиқиши керак. Мана бу – фуқаролик жамияти. 

Янги фонддан кутилаётган асосий нарса – бу, шу жумладан, ОАВнинг фаолиятини енгиллаштириш, журналистика даражасини оширишга кўмаклашиш, ОАВнинг таҳририят сиёсатига аралашмаган ҳолда, давлат ва фуқаролик жамити ўртасидаги шаффоф мулоқотлардир. Фақат шундагина АОКА каби журналистлар ҳамжамиятининг ҳаётида янги прогрессив ҳодисага айланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.