2014 йил якунигача Ўзбекистонда қон саратонини даволаш бўйича 10 та жарроҳлик амалиёти ўтказилади
2014 йил бошидан буён Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институтида қон саратони деб номланувчи ташҳисга эга беморларга найчали ҳужайраларни кўчириб ўтқазиш бўйича жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Айтиш жоизки, муолажадан ўтган бу беморларнинг аҳволи яхшиланиб, уларнинг тузалиб кетишига умид пайдо бўлди, деб ёзади “Правда Востока” нашри.
Мамлакатимизда ўз найчали ҳужайралари билан даволаш ишлари бошлангани соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг янги жаҳон ишланмаларини жорий этишга қаратилган давлат сиёсатининг натижаларидан бири ҳисобланади. Жарроҳлик амалиётининг бундай тури мазкур компонентни донордан эмас, балки беморнинг ўзидан олишни кўзда тутади, бу эса ҳужайраларнинг мослашмаслик хавфини камайтиради. Ушбу усул саратон касалликларининг айрим шаклларини 30 дан 100 фоизгача кўрсаткич билан даволаш имконини беради. Айтиш жоизки, бунга Ўзбекистонлик шифокорларнинг хорижлик ҳамкасблари билан ҳамкорлиги натижасида эришилди. Мамлакатимиздаги Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институти базасидаги илик найчали ҳужайралари билан даволаш маркази яратилди. Унинг асосий мақсади онкогематологик беморларга юқори технологик тиббий ёрдамни кўрсатишдан иборат.
Бу борадаги илк ютуқлар хорижлик мутахассислар кўмагида рўёбга чиқди. Йил охиригача шундай жарроҳлик амалиётларининг ўнтасини ўтказиш кўзда тутилган. Бу жуда катта қадам, чунки кимёвий терапия иликни парчалайди, бунинг оқибатида организм ўзи учун ҳаётий зарур бўлган қон ҳужайраларини ҳосил қилиш қобилиятидан маҳрум бўлади. Соғлом илик ва найчали ҳужайраларни кўчириб ўтқазиш ушбу муаммони ҳал этиш имконини беради.
Ҳозирга қадар ўтказилган жарроҳлик амалиётларининг олтитасидан учтаси бевосита ўзимизнинг шифокорлар томонидан амалга оширилганини таъкидлаш лозим. Улар бир неча ой давомида хориж мамлакатларининг етакчи тиббий марказларида малака ошириб келди. Хусусан, 15 нафар шифокор ва лаборатория хизмати мутахассиси, шунингдек 13 нафар ҳамшира гемопоэтик найчали ҳужайралар билан терапия бўйича қайта тайёргарлик ва малака ошириш курсларида ўқиди, гемобластозлар, яъни лимфатик ва қон ҳосил қилувчи тўқималардаги зарарли ўсимталарга ташҳис қўйиш ва даволашда юқори технологик усулларни қўллаш тажрибасини орттирди.
Мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун барча шароитлар яратилди. ЖССТ талабларига мувофиқ реконструкция қилинган марказнинг янгиланган биносида фильтрланган ҳавонинг ламинар оқимини узатиш тизими ўрнатилган. У бутун бўлинмада зарур бўлган микроиқлим шароитларини яратиш ва ушлаб туриш имконини беради. Марказда ўз найчали ҳужайралари билан даволаш учун етарли миқдорда дори препаратлари ва чиқим материаллари мавжуд. Буларнинг ҳаммаси Инвестиция дастури доирасида Давлат бюджети ҳисобидан ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва халқаро ҳамкасблар кўмагида сотиб олинган. Бошқа аъзо ва тўқималарнинг касалликларини даволаш ва ташҳис қўйиш учун моддий-техникавий база яратилган.
“Бизда беморларни юқори даражада тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни жарроҳлик амалиётига тайёрлаш ва найчали ҳужайралар билан даволагандан сўнг бемор ҳолатини мониторинг қилиб бориш имконини берувчи замонавий ускуналар ўрнатилган, – дейди марказнинг илмий маслаҳатчиси, профессор Ҳамид Каримов. – Шу тарзда, биз замон билан ҳамнафас кетмоқдамиз. Халқаро андозалар ва замонавий усуллар ва ёндашувларга амал қилиш тиббий хизматлар кўрсатиш даражасини юқорига кўтариш имконини беради”.
Шарҳлар