Экология ва тадбиркорлик

Экология ва тадбиркорлик

2016 йил 19 сентябрда қабул қилинган янги таҳрирдаги «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, 2016 йил 21 сентябрда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорларга тушунтириш мақсадида Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида семинар ташкил этилди. 



Мамлакатимиз бой табиати ва ноёб биологик ресурслари билан дунёнинг бошқа минтақаларидан ажралиб туради. Юртимизда тўрт минг олти юздан ортиқ турда ўсимлик, ўн олти мингга яқин ҳайвонот турини учратиш мумкин. Уларнинг муайян қисми камёб бўлиб, фақат бизнинг минтақамизда мавжуддир. 



Ушбу ноёб табиий бойликларни асраб-авайлаш, йўқолиб бораётган турларни кўпайтириш, алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудларни кенгайтириш, табиатга инсон омили салбий таъсирининг олдини олиш юртимизда амалга оширилаётган экологик ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланган. 



Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга оид янги таҳрирдаги қонунларда бу борадаги устувор вазифалар ўз ифодасини топган. Қонунчилигимизда белгиланган ана шундай тамойиллар, хусусан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан умумий ва махсус фойдаланиш борасидаги муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш тадбиркорлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. 



Семинарда янги таҳрирдаги қонунларда ўз ифодасини топган асосий тушунчалар, ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга доир чора-тадбирларнинг аниқ йўналишлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастрини юритиш, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ўсимлик ва ҳайвонлар турларини муҳофаза қилиш, ёввойи ҳайвонларни, уларнинг зоология коллекцияларини, ўлжаларни ва тулумларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси мониторингини юритиш билан боғлиқ масалалар хусусида тадбиркорларга батафсил маълумот берилди. 



Мутахассислар тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.