Табиатни биргаликда асрайлик

Табиатни биргаликда асрайлик

Юқори Чирчиқ туманида атроф-муҳитни ўрганиш, бу борада қўшимча экологик назорат олиб бориш мақсадида мутахассислар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида навбатдаги рейд ташкил этилди. 



Тошкент вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни ижроси доирасида ташкил этилган рейдда қўмитанинг Чирчиқ минтақавий аналитик назоратга ихтисослашган инспекцияси, Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази мутахассислари, экологлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 



Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларнинг олдини олиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, кўрилаётган чора-тадбирлардаги иштирокини янада ошириш лозимлиги таъкидланди. 



Рейд доирасида Чирчиқ дарёсининг ифлосланиш даражаси ҳам текширилди. Ўрганиш ишлари дала ва лаборатория шароитида олиб борилди. Таҳлиллар, олинган намуналар дарёда ифлослантирувчи моддалар – аммиак, нитрит, нитрат ва хлоридлар миқдори меъёрдан ошмаганини кўрсатди. 



Жойларда вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг туман ва шаҳар инспекциялари томонидан ҳам шу йўналишдаги профилактика, тарғибот-тушунтириш ишлари ўтказилмоқда. 

 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.