Атрофимиздаги олам ва биз

Атрофимиздаги олам ва биз

Атроф-муҳитнинг аҳоли саломатлигига таъсирини ҳисобга олган ҳолда уни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ишига кенг аҳоли қатламларини жалб этишда экожурналистика алоҳида ўрин эгаллайди. Бу мавзу Ўзбекистон шароити учун, айниқса, Сирдарё вилояти ҳудуди учун долзарб мавзу бўлиб, яқинда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази Канада маҳаллий ташаббуслар фонди (CFLI) кўмагида ноябрь-январь ойларида Ўзбекистоннинг 5 та шаҳрида, шу жумладан, Гулистон шаҳрида ҳам ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари учун “Глобал иқли ўзгариши мавзусининг ОАВда ёритилиши масалалари” деб номланган туркум семинар-тренинглар ўтказилиши белгиланган эди. Яқинда ана шу тадбир Гулистон шаҳридаги Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят филиали фаоллар залида бўлиб ўтди.

Тадбирни лойиҳа координатори Наргис Қосимова олиб борди. Дастлаб тадбир иштирокчилари диққатига инсон фаолияти натижасида атроф-муҳит ва табиатга етаётган зарарлар, экологияни асраш борасида тайёрланган роликлар ва слайдлар намойиш этилди. Шундан сўнг Журналистларни қайта тайёрлаш маркази  томонидан чоп этилган “Глобал иқлим ўзгариши ва журналистика” номли китобнинг тақдимоти ўтказилди. Ушбу китобдан ўрин олган “Экология ва журналистика” ва  “Глобал иқлим ўзгариши муаммоси ва унинг ОАВда ёритилиши хусусиятлари” деб номланган иккита бобда барқарор ривожланиш мақсадларида ҳал қилиниши зарур бўлган экология муаммолар, Глобал иқлим ўзгаришининг аҳоли саломатлигига таъсири, иқлим ўзгариши ва ҳаёт хавфсизлиги, иқлим ўзгаришининг олдини олиш борасида қабул қилинган халқаро ва миллий қонунчилик, Ўзбекистонда экожурналистиканинг ҳолати ва халқаро тажрибалар хусусида сўз боради. Тадбир жараёнида  иштирокчилар – республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳамда ҳудудий ННТлар вакилларининг экологик  муаммолар ва уларнинг олдини олиш борасида билим ва кўникмалари умумлаштирилди, атроф-муҳит борасида мақолалар ва репортажлар тайёрлашда нималарга кўпроқ эътибор бериш кераклиги ҳақида тавсиялар берилди. Аҳолининг экологик маданиятини шакллантириш, айнан, фуқароларнинг ўз ҳудудида атроф-муҳитнинг тозалиги учун курашиш, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига зарар етмаслиги борасида фаолликка чорлаш лозимлиги уқтирилди.
        
Семинар интерфаол услубда олиб борилиб, иштирокчилар учун ақлий ҳужум ва турли мунозаралар уюштирилди.
 
 
 Зебо Ҳайдарова
         

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.