«Чирчиқ трансформатор заводи» иқтисодий тангликдан чиқарилмоқда
2014 йил июнь-август ойларида “Чирчиқ трансформатор заводи” Россия Федерацияси ва МДҲга аъзо бошқа мамлакатлар ҳудудидаги ўз савдо уйларини очади. Бу Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг №150-сонли қарорида кўрсатилган.
Ҳужжатга иловага мувофиқ, 2014 йилнинг июль-сентябрь ойларида Россиядаги тортиш трансформаторлари бўйича олдинги савдо бозори “Российские железные дороги” ОАЖ ва “Трансмашхолдинг” ЁАЖ учун тиклаш режалаштирилмоқда. Шунингдек, “Чирчиқ трансформатор заводи” ОАЖ томонидан чиқариладиган номенклатура бўйича муқобил сотиш бозорларини топиш ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари, жорий йил охиригача тоғ-кон саноати, нефть-кимё ва темир йўл соҳалари корхоналари учун трансформаторлар ишлаб чиқаришини тиклаш, маҳсулотнинг янги турларини, шу жумладан, комплектли трансформатор кичик станциялари ишлаб чиқаришини ўзлаштириш ҳам режалаштирилган.
Ишлаб чиқаришни модернизациялаш учун “Азия Альянс Банк”да 15 млрд сўм миқдорида 3 йил муддатга кредит линияси (гаровли таъминотсиз) очилади. Шу билан бирга, $3,5 млн миқдорида конвертацияни амалга ошириш ҳам кўзда тутилган, хусусан, $2,2 млн – импорт хомашё, материаллар ва бутловчиларни сотиб олишга; $1,3 млн – олдин импорт қилинган хомашё, материаллар ва бутловчилар ҳамда ишлаб чиқариш ускуналари бўйича кредиторлик қарздорлигини узишга сарфланади.
Қайд этиб ўтамиз, «Чирчиқ трансформатор заводи» 1942 йилда Ленинграддан эвакуация қилинган “Электропульт” заводининг ускуналари ва ишчилари базасида ташкил этилган эди. Уруш даврининг қийин шароитларида олиб келинган ускуналар қисқа муддат ичида ўрнатилиб, ишга туширилди ва корхона фронт ва халқ хўжалиги эҳтиёжлари учун буюртмаларни бажаришга киришди.
Шарҳлар