Абитуриент-2014: Ўзбекистонда қабул комиссиялари ўз фаолиятини бошлади
20 июнь куни Ўзбекистоннинг барча олий ўқув юртларида қабул комиссиялари ўз фаолиятини бошлади. Ҳужжатларни қабул қилиш ишлари 20 июлга қадар давом этади. Қабул комиссиясининг иш вақти соат 09.00 дан 18.00 гача.
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маълумотига кўра, ОЎЮга ўқишга киришда Абитуриент қуйидаги ҳужжатларни қабул комиссиясига топшириши керак:
– ўқиш йўналиши, тили ва шаклини кўрсатган ҳолда ўқув юрти ректорининг номига ёзилган ариза;
– ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси;
– 086/У шаклидаги тиббий маълумотнома;
– паспорт нусхаси;
– 3,5×4,5 см ўлчамдаги 6 та фотосурат;
– абитуриентнинг танловдан ташқари ўқишга қабул қилиниш ҳуқуқини тасдиқловчи халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари ва мусобақаларининг ғолиби ҳужжатининг асл нусхаси;
– абитуриент муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий қисм томонидан берилган тавсиянома.
Жисмоний тарбия институтига кираёган абитуриентлар юқорида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари спорт малакасини тасдиқловчи ҳужжат (спорт разряди китобчаси) ва 8 та фотосуратни (махсус спорт кўриги учун) ҳам топширади. Махсус сиртқи бўлимларга кираётган шахслар меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибдаги кўчирмани тақдим этади.
Махсус бўлинмаларга фақат ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига ҳамда камида 3 йиллик педагогик стажга эга бўлган шахслар қабул қилинади.
Паспорт ва ҳарбий мажбурияти ҳақидаги ҳужжат шахсан тақдим этилади.
Ўқув муассасаларининг қабул комиссиялари тест синовларидан 3 кун олдин абитуриентларнинг рўйхатини гуруҳлар бўйича корпуслар ва аудиторияларнинг жойлашув схемаси билан бирга эълонлар доскасига чиқариб қўяди.
Юқорида санаб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлганида қабул комиссияси абитуриентнинг ҳужжатларини қабул қилишдан бош тортишга ҳақли эмас. Фуқаролар иккинчи ва кейинги маълумотларни шартнома асосида олиш ҳуқуқига эга. (“Таълим тўғрисида”ги Қонун, 14-банд).
Абитуриент тест синовларидан 3 кун олдин схемани яхшилаб ўрганиши ҳамда тест синовлари ўтказиладиган корпуснинг номи ва жойлашувини, қавати ва аудитория рақамини эслаб қолиши керак.
Тест синовларидан 3 кун олдин абитуриентга пропуск берилади, унда гуруҳ рақами кўрсатилган бўлади.
Таълим муассасаларининг кундузги, махсус сиртқи бўлимларида тест синовлари “Низом”га мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудлари учун ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида бир кунда ва бир вақтда ўтказилади.
Абитуриентларни корпусга киритиш ишлари тест топшириладиган куни эрталаб соат 7.30 да бошланади. Корпусга кирадиган жойда абитуриент навбатчига пропуск ва паспортини тақдим этади. Соат 8.00 дан бошлаб абитуриентлар ўз гуруҳларининг рақамига мос келувчи рақамдаги аудиторияларга киради. Абитуриентларни аудиторияга киритиш соат 8.30 да тўхтатилади.
Абитуриентларга ўзи билан луғат, маълумотномалар, жадваллар, ён дафтарлар, шпаргалкалар, микрокалькуляторлар ва уяли алоқа телефонларини олиб кириш тақиқланади.
Кечиккан абитуриентлар (соат 8.30 дан кейин) тестга қўйилмайди.
Кўрсатилган вақтда келмаган абитуриентлар учун қўшимча тест синовлари ўтказилмайди.
Абитуриентлар тестларни олий ўқув юртида ўқитиладиган тилда топширади.
Фотосурат: Daryo.uz
Шарҳлар