2013 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 8%га ўсди

2013 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 8%га ўсди

Шу йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида Давлат бюджетининг 2013 йилдаги ҳамда 2014 йилнинг 1-чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди. Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати тарқатган хабарда, мамлакатнинг асосий молиявий ҳужжати 2013 йилда илгари Олий Мажлис томонидан тасдиқланган параметрларга мувофиқ, даромадлар харажатлардан оширилган ҳолда ижро этилгани қайд этилади.
 
Хусусан, иқтисодий дастурнинг энг муҳим устуворликлари аниқ мақсадни кўзлаб ва тизимли амалга оширилиши натижасида, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётганига қарамай, ўтган йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг юқори суръатларда ўсиши, макроиқтисодий мувозанатлиликни сақлаш, модернизация ва диверсификация қилиш таъминланган. Мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 8,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти 6,8 фоизга, чакана товар айланиши 14,8 фоизга ўсган.
 
Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича минтақавий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида 2013 йилда қарийб 970 минг киши иш билан таъминланган. Бундан 60 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларида ишга жойлаштирилган. Шу жумладан, кичик корхоналар, микрофирмалар ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 480 мингдан ортиқ, касаначиликни кенгайтириш ҳисобидан эса 210 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилган.
 
2013 йилда аҳолининг реал даромадлари 16 фоизга ошган, бюджет ташкилотлари ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар 20,8 фоизга кўпайган. 2013 йилда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 58,7 фоизини ташкил этган. Таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданият, спорт, оммавий ахборот воситаларини сақлаб туриш ва ривожлантириш учун талай маблағлар йўналтирилган.
 
Ҳисоботда Ўзбекистонда узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган ноозиқ-овқат товарлар билан таъминлаш борасидаги аҳвол ҳам тубдан ўзгаргани қайд этилади. Оилаларнинг замонавий маиший-техника, шу жумладан холодильник, кондиционер, шахсий компьютер, телевизор, мобиль телефонлар билан таъминланганлик даражаси ошди. Айниқса, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар билан аҳолининг таъминланиши эътиборлидир. Агар 2000 йилда ҳар 100 та оилага ўртача 20 та енгил автомобиль тўғри келган бўлса, бугунги кунда бу рақам 41,4 тага етди, деб ёзади Қонунчилик палатасининг расмий сайти.
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳар томонлама муҳокама қилиш жараёнида барча сиёсий партиялар фракцияларининг ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқди. Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси номидан сўзга чиққанлар юришилган ютуқлар билан бир қаторда, ҳисобот даврида, айрим бюджет ташкилотларида маблағлардан мақсадсиз сарфлашга, улардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш билан боғлиқ бузилишларга йўл қўйилган. Айрим тармоқларда тўлов интизомига риоя этилмаяпти, натижада дебиторлик ва кредиторлик қарздорликлари ўсиб бормоқда. Шу муносабат билан депутатлар бюджет маблағлари самарали ва мақсадли сарфланишини таъминлаш, бюджет ташкилотларида молия интизомига риоя этилишини, шунингдек Бюджет кодекси талабларининг бажарилиши устидан назорат янада кучайтирилишини таъминлаш учун тегишли вазирликлар ва идораларнинг, ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш юзасидан амалий таклифларни киритди.
 
Шунингдек, мажлисда «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган жисмонан соғлом, маънавий етук, баркамол авлодни тарбиялашга доир чора-тадбирларни фаоллик билан амалга ошириш бошлангани ҳам қайд этилди. Ана шу мақсадлар учун жорий йилнинг биринчи чорагида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 1 трлн. сўмга яқин маблағ йўналтирилган.
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама жараёнида билдирилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йилдаги ҳамда 2014 йил 1-чоракдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.