Олтинкўл туманидаги ҳар бир хўжаликка иккитадан зотдор эчки тарқатилади
Олтинкўл туманидаги «Бахт имкон ривож чорваси» кўп профилли фермер хўжалигида 2 минг бошга яқин йирик шохли зотдор чорва ва 300 бош зотдор эчки боқилади.
Илғор технологиялар билан жиҳозланган хўжалик юқори унумдорликни намойиш этмоқда. Хусусан, ҳар бир сигирдан олинаётган суткалик соғин 25-28 литрни, ҳар бир эчкидан эса 3-3,5 литрни ташкил этади. Хўжалик сутни қайта ишлаш корхоналарига ҳар куни деярли 20 тонна сут етказиб беради.
Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг Андижон вилояти бўйлаб сафарида мазкур хўжаликнинг фаолияти билан танишди ва Германиядан олиб келинган эчкиларни боқиш шароитлари, уларнинг мамлакатимиз иқлимига мослашиши билан қизиқди.
Маълумки, эчки сути шифобахш хусусиятларга эга бўлиб, у ошқозон касалликлари, анемия, кўриш қобилиятининг пасайиши, диатез ва бошқа хасталикларда фойдали. Эчки сути узоқ вақт сақланади, хона ҳарорати шароитида уч кун давомида ўз хусусиятларини йўқотмайди, совутгичда эса бир ҳафтадан ортиқ сақланиши мумкин. Таркибида кўп миқдорда юрак-қон томир тизимининг нормал фаолияти учун зарур бўлган калий моддаси мавжуд.
Ўзбекистон Президентига тақдим этилган лойиҳага кўра, янги линияни йўлга қўйиш ва 700 бош зотдор эчкини олиб келиш кўзланмоқда. Истиқболлари юқори баҳоланаётган ушбу лойиҳа жорий йилда якунланади.
Шифобахш хусусиятларга эга эчки сутига мамлакатимизда ҳам, хорижда ҳам талаб катта, дейди Президент. У тумандаги ҳар бир уй хўжалигига иккитадан эчки тарқатишга кўрсатма берди.
Андижоннниг Улуғнор туманида эса хўжаликлардан бирига 300 гектар майдон ажратилган бўлиб, унинг 200 гектарида ёнғоқ плантацияларини, 100 гектарида эса томчилатиб суғориш йўли билан унаби плантациясини яратиш кўзланган.
Шунингдек хўжалик яна бир истиқболли лойиҳани амалга оширишни режалаштирган. У замонавий Хитой технологияларини жалб этган ҳолда йилига 600 минг кубометр биогаз ишлаб чиқариш ва 40 та янги иш ўринларини яратиш имконини беради.
Президент ушбу лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тегишли тавсияларни берди.
Шарҳлар