Дабдабали ҳисоботлар ортидаги қон ва ўлим

Дабдабали ҳисоботлар ортидаги қон ва ўлим

“Камолот” ЁИҲнинг турли тадбирлардан дабдабали ҳисоботлари ва рапортлари Ўзбекистон ёшлари борасидаги ишлар ҳаммаси жойида деган таассурот қолдириши мумкин. Аммо Боровский номидаги тиббиёт коллежида юз берган фожиа, ИШИД таъсири остига тушиб қолаётган ёшлар, аёллар томонида содир этилаётган жиноятларнинг ортаётгани, хориждаги исловотхоналарда ишлаётган қизлар, ўз чақалоғини сотишга тайёр ёш жувонлар, умуман йигит-қизлар борасида ҳаммаси ҳам кўнгилдагидек эмаслигидан далолат бермоқда.
 
Обрўли академик лицей талабаси бўлмиш қўшни қиз ўсмирларга хос бўлган енгилтакларча қувноқ кайфиятда ўқитувчилари қандай ажойиблигини ҳикоя қилади – домлалар дарсга келибоқ, топшириқ бериб қўйишади-да, шундан сўнг ўз смартфонларига мукка тушиб олишади. Уларнинг асосий талаби –талабалар шовқин солмасин ва халқақит бермасин. Ҳар бир имтиҳондан олдин гуруҳ старостаси “ўлпон” йиғиб, керакли жойга топширади ва имтиҳонлардан хамирдан қил суғургандек ўтиб кетишади. Баҳолар ҳам иккита – яхши ва аъло.  Фақат давоматга эришиш учун ҳаракат қилаётган оддий коллежлар ҳақида эса нима ҳам дейиш мумкин. Ўзбекистоннинг аксарият ёшлари ўқийдиган бу ўқув юртларида таълим даражаси қанақа бўларди, тарбияни-ку гапирмаса ҳам бўлади.     
 
Бирмунча вақт олдин Чилонзор тумани ИББ бошқа коллеждаги тенгдошларини калтаклаган йигирмага яқин йигитчаларни ушлаганди. Муштлашув сабаби – футбол ўйини пайтида юзага келган ихтилоф. 
 
Туман ИИБси ишни судгача олиб борди. Йигитларга танбеҳ берилди, ота-оналар битта энг кам иш ҳақи миқдорида жарима тўлашди. Эҳтимол, улар уйда болаларига янада тушунарлироқ панд-насиҳат қилишар.
 
Шу тариқа ёшлар орасидаги “разборкалар” ҳеч қаёққа йўқолмагани аниқ бўлиб қолмоқда. Улар бор ва “муваффақият” билан давом этяпти. Ёшлар орасида “ўзиникини сотмаслик, маъмурият билан ҳамкорлик қилмаслик керак” деган жиноий тушунчаларга яқин ёзилмаган “ахлоқ кодекси” бор. Қоидани бузувчилар жамоа нафратига ва тўлиқ четлатишга сазовор бўлади, бу эса ёш ўсмир учун “самарали” жазога айланади. Бу шундай жазоки, у таъсирчан йигитларни, айниқса қизларни ўз жонига қаст қилишгача ҳам олиб келади.
 
Ҳозир оммавий тадбирларга берилиб кетган “Камолот” ёшларни бутунлай назардан қочириб қўйгани аён бўлаётир. Натижа – Жасурбек Иброҳимов билан юз берган фожиа. Уни бўлғуси тиббиётчилар, Боровский номидаги коллеж талабалари, эҳтимол келажакда шифокор бўладиган ёшлар ўлдирди. Ўқувчи, сиз бу ақлга сиғмайдиган ҳолатни ҳис қиляпсизми? Ҳали ҳам буни ҳис қилмаганлар учун қайтараман: Бўлғуси шифокорлар ўзларининг синфдошини ўлгунча калтаклашган!
 
Бу ерда бир-бирининг айбини яшириш ҳолати яққол кўзга ташланмоқда: асосийси, ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолсин! Бизнинг жамиятимизда адолатга бўлган умидни ўлдирадиган қўрқинчли сўзлар бор: “тушунган одамсиз-ку, тушунасиз-ку, ока (ёки “опа”). Бу сўзлар “сувни лойқалатгандан фойда йўқ, энди ҳеч нарсани тўғирлаб бўлмайди”, дегани. “Ниманидир тўғирлашга, эътиборли бўлишга ҳаракат қиламиз” – мана унинг яширин ва чорасизликдаги қўрқинчли мазмуни.
 
Мазкур вазиятда бу сўзлар бир мартагина айтилмаганига юз фоиз аминман.
 
Хўш, “Камолот” қаерда, унинг ТВ, ижтимоий тармоқлардаги овози қаерда? Норозилик маршлари ва ҳоказолар-чи?
 
Энди эса ҳамма сўкадиган ижтимоий тармоқларнинг шарофати билан бир ёш йигитнинг ўлими ҳақида барча билиб бўлди, турли хил “тушунасиз-ку ока” кабилар билан фожиани ёпиб бўлмайди, кўнгилсиз ҳодисани ими-жимида бартараф қилишнинг иложи йўқ – энди Бобур паркида лоқайд бўлмаган кишилар разилларни жазолаш учун петиция остида имзо тўплашмоқда.
 
Эътибор қилинг, буни “Камолот” ЁИҲ ташкил қилаётгани ёки ўтказаётгани йўқ! Шунчаки лоқайд бўлмаган ёшлар (адолат юзасидан айтиш керакки, ёши катталар ҳам) “Камолот” раҳбарлари ўз кабинетларида ҳали чой ичиб ўтирган пайтда буни ташкил этишди…
 
Олдиндан айтишим мумкин: кампания ўтиб кетади, кимнидир ишдан олишади, кимнидир жазолашади, минбарлардан “фош” қилишади…Аммо, афсуски, ҳаммаси яна эски аҳволга қайтади…тизим шунақа…
 
ЁИҲ фаолиятида ҳеч бир аниқлик йўқ, ёшлар “етакчилари” деб аталувчилар эса коллеждами, лицейдами ёки ОТМда бўлсин, ёшлардан бутунлай узилиб қолган, бу ердагилар ўз мансабларига вақтинчалик трамплин сифатида қарайди. Акс ҳолда ишлар яна ҳам пачава – камолотчилар ўз ўқув юртининг ҳақиқий ҳаёти билан умуман қизиқмасдан, оммавий тадбирлар, “Камолот “азолари”дан иборат бўлган ёшлар билан мулоқотлар ўтказилгани ҳақида иккиюзламачилик билан “тўғри” рапортлар беради. Конкрет одамлар, уларнинг конкрет муаммолари билан мутлақо шуғуллунмайди.
 
Аниқ ҳаётга чуқур кириб бориш қийин ва хавфли: ахир ўқув муассасасининг раҳбарияти, “обрўли” ота-оналарнинг севимли ўғиллари ва қизлари бўлмиш “обрўли” ўқувчилар билан ҳам муносабатларни бузиш мумкин-да.
 
Айтганча, “Камолот” ЁИҲ фуқароларнинг солиқлари ҳисобига кун кечираётганини қайд этишни истардим, аммо кўриб турганимиздек, ҳақиқатан ҳам ишлаш ўрнига, маблағларни ҳашамат ва дабдабабозликка сарфлашяпти…
 
Кун сайин Ўзбекистонда муаммоларнинг улкан тугуни ҳосил бўлгани аён бўлмоқда, нафақат иқтисодиёт, балки маънавий ҳаётда ҳам. Бу билан шуғулланадиган ташкилотлар талайгина, аммо умумий, оммавий, кўпинча жуда расмий ишга боғланиб қолишган. Конкрет одамлар, аксарият ҳолларда ўсмирлар ва ёшлар бу “оммавий тадбирлар”дан ташқарида қолиб кетяпти.
 
Гап фақат “Камолот”нинг фаолиятида эмас, албатта. Муаммо анчагина чуқур – бу равшан. Барча муаммоларимизнинг илдизи яккаю-ягона сабабга эга, деб ўйлайман, яъни ҳар биримиз ўз касбимиз, лавозимимиз, олинадиган натижа манфаатида эмас, “тепадаги” катта бошлиқ учун ишлаймиз. Асосийси – унга ёқсин, асосийси камчиликларни кўриб қолмасин. Асосийси – иш қилиш эмас, ё ҳисобот топшириш ёки момақалдироқ ўтиб кетгунча ўзини панага олиб туриш.
 
Иш-чи, иш нима – мамлакат инқироз олдида турибди. Агар фақат бир киши бирор нарсани тўғирлашга ҳаракат қилса-ю, қолганлар фақат унга ёқиш учунгина ишласа – мамлакат ҳақиқатан ҳам инқирозга учрайди.
 
Буни даволашнинг сири жуда оддий – ҳар бир киши ўз ишини виждонан бажарсин. Бироқ амалда бу энг мураккаб нарса эканини кўряпмиз.
 
 Румия Анварова,  Anhor.uz учун махсус

P.S. Бу материал эълон қилинаётган пайтда ижтимоий тармоқларда туман ички ишлар бошқармаси алдов ва куч билан барча петицияларни тортиб олгани ҳақида хабар тарқалди. Anhor.uz вазиятни кузатиб боради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.