Жасурбекнинг ишини чалкаштиришга уринишяптими?
Май ойининг бошида Боровский номидаги Тошкент шаҳар тиббиёт коллежида юз берган фожиа борган сайин чигаллашиб кетмоқда.
Вазиятни низо иштирокчиларининг ўзи ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг алоҳида ходимлари ҳам мураккаблаштирмоқда. Хусусан, якшанба куни пойтахтда мазкур фожиага бағишланган матбуот анжуманида иккала томон вакиллари ҳамда милиция ўз позицияларини баён этган.
Бош гумондор Исломбек Тўлагановнинг отаси Абдужамил Расуловнинг таъкидлашича, у ўғлини ҳеч қачон муштлашишга ўргатмаган, умуман у жуда ақлли ва тиришқоқ бола. Йигитлар ўртасидаги низо эса бир кун олдин қиз бола сабабли юзага келган.
«Менинг ўғлим муштлашувдан бир кун аввал коллеж яқинида Жасурбек Ибрагимов ва шу коллежнинг яна бир талабаси Дилшод Абдуллаевни учратиб қолган. Улар қаттиқ овозда суришаётган бўлган. Ўғлим улар билан саломлашиб, нима гаплигини сўраган. Абдуллаев Жасур унинг синглисига илтифот кўрсатаётганини ва бу ҳолат унга маъқул эмаслигини айтган. Ўшанда ўғлим Дилшод Абдуллаевга Жасур билан тортишмаслик кераклигини, унинг боши лат еганини эслатган”, – дейди ота. Унинг фикрича, айнан мана шу эртаси куни юз берган муштлашувга сабабчи бўлган ва бу можаро илгари кураш билан шуғулланган Ибрагимов туфайли юзага келган.
«У ўғлимни даст кўтариб ерга ағдарган ва оқибатда унинг қўлини синдирган. Шундан сўнг уларни ажратишган. Ўғлим сал чеккароқ ўтиб турганида, бир курсдошининг Жасур у томон югуриб келаётгани ҳақидаги қичқириғини эшитган. Шунда у қўл ва оёқларини кўтарган, Жасурбек Ибрагимов эса шу тарзда унга келиб урилган ва шикастланган. Шундан сўнг қўшни стоматологиядаги ҳамширалар Ибрагимовга ёрдам кўрсатишган ва ҳамма тарқалган», — дея қайд этади ота.
Шу тариқа, отанинг сўзларига кўра, ҳалок бўлган болани бир мартагина урганини тан олган бош гумондор аслида айбдор эмас, уни шунчаки бунга мажбур қилишган. Ота шунингдек, жабрланувчи можародан сўнг уйга якка ўзи йўл олганлиги ва оғир жароҳатларни йўлда, яъни жанжалдан кейин олган бўлиши мумкинлигига шаъма қилган. Бундан ташқари, Абдужамил Расулов Ибрагимовнинг ота-онасига дағдаға қилганлиги тўғрисидаги маълумотни ҳам инкор этган. Унинг сўзларига кўра, у Жасурбекнинг ота-онасига ўғилларини даволатишлари учун пул берган ва малакали шифокорларни чақиртириб, жабрланувчини МРТга олиб борган.
Аммо фактлар бу гапларни тасдиқламаяпти. Жасурбек Ибрагимовнинг ўлимидан сўнг берилган маълумотномада унинг қорин бўшлиғидаги аъзолари жиддий шикастлангани, ўн икки бармоқли ичагида кўп сонли ёрилишлар борлиги, ўнг буйраги лат егани ва бошқа органлари ҳам жароҳатлангани, перитонит (йиринглаш) бошлангани айтилган. Бундай ҳолат эса тасодифий зарбалар ёхуд полга йиқилиш туфайли юз бермаслиги аниқ.
Буни матбуот-анжуманида иштирок этган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам тасдиқлашган. Миробод ИИББ тергов бўлими раҳбари Музаффар Асқаровга кўра, айни вақтда милиция ушбу иш бўйича гумон қилинаётган олти талабани сўроқ қилмоқда. Уларнинг орасида фақат Исломбек Тўлаганов ўз айбига иқрор бўлган ва рақибини бир марта урганлигини тан олган, қолганлари муштлашувда иштирок этганликларини рад этишмоқда. Асқаровнинг айтишича, олтита талабанинг ҳаммаси ҳозир Тошкентда, айрим сайтлар ёзганидай, ҳеч қаерга чиқмаган.
Анжуманжа шунингдек ҳалок бўлган талаба томонидан Жасурбек билан бирга ўқийдиган қизнинг онаси иштирок этди. У мутлақо бошқача воқеани сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, йигитлар ўртасидаги низо бир йилдан ортиқ мавжуд бўлган. Ҳаммаси Жасурбек Исломбек Тўлаганов тинч қўймаётган қизнинг тарафини олган пайтдан бошланган. Воқеа содир бўлган куни Исломбек рақибини алдов йўли билан чиқинди ташланадиган ерга чақириб олади, бу ерда уни Исломбек дўстлари билан кутаётганди. Олдинига йигитлар яккама-якка олишади, кейин Жасурбекни кимдир уради, у йиқилиб ҳушидан кетади, қолганлар уни оёқлари билан тепиб калтаклашади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мазкур факт бўйича жиноий иш фақат 31 май куни очилгани ҳақида маълум қилиб, журналистларни ҳайрон қолдирди. Чунки жиноят 3 май куни содир этилган. Боланинг онаси эса органларга 5 май куни мурожаат қилган.
Уларнинг сўзларига кўра, 5 майдан 31 майга қадар “терговгача бўлган ҳаракатлар” олиб борилган, бироқ она ўз хатида бу борада туман ИИБнинг ҳеч қандай чора кўрмаганини қайд этади. Терговни тўхтатиб турган яна бир қизиқ факт мавжуд – касалхонада Жасурбекни кўрикдан ўтказаётган пайтда унга жароҳатлари ўртача оғирликдан ҳам паст деган маълумотнома берилган.
Ҳозир тергов бу шифокорларнинг оддий хатосими ёки бу ерда коррупция борми – шуни аниқламоқда. Иш ҳатто Тошкент шаҳар ИИББнинг алоҳида назорати остига олинган, шу боис айбдорларнинг ҳаммаси жазоланади, деб умид қиламиз.
Айбдорлар деганда нафақат урганлар, балки ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатмаганлар, қолаверса, ўз талабаларини назоратсиз қолдирган педагоглар ва энг асосийси, фарзандларига мана шундай тарбия берган ота-оналарни назарда тутмоқдамиз.
“Sputnik Узбекистан” вазият ривожини кузатишда давом этади.
P.S.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг “терговгача ҳаракатлар”и ишни босди-босди қилишга уринган вақт бўлган, деб ишонч билан айтиш мумкин. Шунингдек ҳеч бўлмаганда айбдорларнинг биттаси сиқувга олинганида, қолганларининг ота-онаси Исломбек ҳаммасини ўз бўйнига олишини келишиб олган, деб фараз қилиш ҳам мумкин. Буни тушунса бўлади, чунки ўлимга олиб келган гуруҳ бўлиб калтаклаганлик учун жазо анча жиддийроқ, бунинг устига амнистия актининг қўлланиши ҳам махбус учун айрим нохуш хусусиятларга эга.
Бироқ бундай оғир жароҳатларни битта зарба ёки ўсмир уйига мустақил равишда етиб олаётган пайтда ёки лотокка йиқилиб тушиши туфайли олганлиги билан тушунтириш даргумон.
Ҳалок бўлган йигитнинг онаси алдаб ўтирмайди. ОАВда Жасурбекни калтаклаган ярамаслардан бирининг ота-онаси адвокат ёки “керакли алоқалар”га эга кишилар экани ҳақидаги маълумот кўзга ташланганди. Ишни босди-босди қилиш уларнинг қўлидан келмаслигига ёки уни гумондорлар учун қулай бўлган енгиллаштирилган томондан кўриб чиқилмаслигига ишонишни истардик.
Anhor.uz нашри ҳам вазиятни диққат билан кузатиб боради ва бошқаларга қараганда кўпроқ биладиган коллеж ўқувчилари билан суҳбатлашиб кўради.
Жарроҳлик йўли билан ушбу газак олган жойни тозалаш ва вазиятни соғломлаштириш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг бурчи деб ҳисоблаймиз.
Шарҳлар