Тошкент “копенгагенлаштирилиш”га бардош бера оладими?

Тошкент “копенгагенлаштирилиш”га бардош бера оладими?

Шаҳар дизайни бўйича жаҳоннинг машҳур консультантларидан бири, архитектор, Gehl Architects фирмасининг асосчиси даниялик Ян Гейл Тошкентда шаҳар муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлайдиган бўлди.
 
Пойтахт ҳокимиятининг таклифига биноан Тошкентга ташриф буюрган Ян Гейл архитекторлар учун ташкил этилган семинарда шаҳарда асфальт кўплигини билдирди.  «Шаҳрингиз автомобилларга жуда хайрихоҳ. Шаҳар автомобилларга харихоҳ бўлганида эса, улар фақат кўпаяди холос. 10 йилдан кейинги вазиятни бир тасаввур қилинг: охири кўринмайдиган тиғизликлар, нафас олиб бўлмайдиган ҳаво, Пекинни бир эсланг», дейди Ян Гейл.
 
Машҳур архитектор ўзининг «Жамоат жойлари. Жамоат ҳаёти» китобида аста-секин амалга оширилган ишлар 40 йил ичида Копенгагенни автомобиллар шаҳридан пиёдалар шаҳрига айлантирганини тасвирлайди.
 
Умуман олганда, Гейл томонидан билдирилган фикрларнинг ҳаммаси тўғри. Аммо, биринчидан, даниялик мутахассис бир нечта хокимлар авлоди томонидан шафқатсизларча яшил дарахтлардан маҳрум этилган Тошкентга келди. Айтгандай, шу ўринда ушбу ҳолат шаҳар Кенгашида йиғилиб, ўзини Тошкент аҳолисининг манфаатлари ва орзу-умидларини тақдим этувчи халқ депутатлари деб атайдиганларнинг бепарволиги натижасида юз берганини қайд этиш керак.
 
Иккинчидан эса, олдин ишлаб чиқилган бош режа аввалига шафқатсизларча бузилди, кейин эса бир чеккага суриб қўйилди ва охир-оқибатда эскирди. Ҳозир мамлакатнинг янги раҳбарияти қайта тиклаётган ёпиб ташланган кўчаларнинг ҳолатига қараб, охирги ўн йил, балки ундан ҳам кўпроқ вақт ичида шаҳар муҳити ва уни ривожлантириш бўйича мутахассисларнинг фикрига қандай муносабатда бўлишганини билиб олиш мумкин.
 
Афсуски, шаҳарнинг ривожланиш концепцияси билан шуғулланиши керак бўлган Тошкент Бош план илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш институти (ТошкентБошПланИТЛИ) ҳам бир чеккада қолган, чунки агар мутахассисларнинг фикри бошлиқларнинг фикрига тўғри келмаса, уни шунчаки эътиборсиз қолдиришган. Узоқ вақт давомида молиялаштириш ишларининг йўқлиги натижасида мутахассислар хусусий лойиҳаларга ўтиб кетишди ёки мамлакатни умуман тарк этишди.  Бугунги кунда институт ўз вазифаларини тегишли тарзда бажариши учун деярли имконият йўқ. Бунинг устига волюнтаристик қарорлар ҳам ҳали ўтмишда қолганича йўқ.  
 
Худди шу қисмат Ўзбекистон Республикаси Давлат Архитектура ва қурилиш қўмитасининг ҳам пешанасига ёзилган экан. У ўзини “ҳамма соҳанинг мутахассисиман” деб ҳисоблайдиганларнинг кўнглини оламан деб, ўзининг обрўсини тўкди.  
 
Шаҳарни ривожлантиришнинг бош режасининг аҳамияти ва заруратини аниқ тасаввур қилиш керак. Бошплан – бу фақат объектни қаерда жойлаштириш ва қуриш, қаерда ва қандай йўлни барпо этиш эмас. Бу барча транспорт турлари, муҳандислик коммуникациялари, алоқа кабель хўжалиги, сув, газ манбаларини, яъни қисқа қилиб айтганда, шаҳарнинг нормал ҳаётини таъминловчи ҳамма нарсани ўз ичига оладиган бутун муҳандислик ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш режаси ҳамдир.
 
Ўтган асрнинг 90-йилларида Тошкент шаҳар ҳокимлиги барча ер ости коммуникацияларининг электрон харитасини яратиш ғоясини қўллаб-қувватлаган эди. Бу уларнинг ҳолатини мониторинг қилиш имкониятини бериб, ер ишларини ўтказаётган пайтда турли коммуникациялар тасодифан шикастланишининг олдини олган бўларди.
 
Аммо маблағ бўлмадими ёки талай қусурлар ва алдов юзага чиқиши мумкинмиди, ишлар биринчи, умумий қадамларни ташлашдан нарига ўтгани йўқ. Масалан, харитада лойиҳаларга киритилган жала ёмғири тушадиган канализация қани деган савол туғилиши мумкин эди. Бугун ижтимоий тармоқларда пайдо бўлиб қоладиган сувда қолиб кетган кўчаларнинг фотосуратлари бундай канализация мутлақо йўқлигини кўрсатмоқда. Смета бўйича маблағ бўлган, аммо афтидан “ўзлаштирилган” кўринади.  
 
Тошкент ривожланиб, кенгаймоқда, бироқ ҳозирча шаҳарни ривожлантиришнинг янги концепцияси ҳақида ҳеч ким ҳеч нима демаяпти. Тошкент ниманинг ҳисобидан ва қай тарзда кенгаяди, унинг ортидан энергетика, сув, газ ва транспорт инфратузилмаси қандай етиб олади, жамоат транспортининг қайси турига (меро, автобус, маршрут таксилари) урғу берилади? Мавжуд сув узатгичлар, газ магистралларининг ҳажми етарли бўладими?
 
Кутилмаганда, транспортчилар ҳалқа йўл электричкаси устида ишлаётгани маълум бўлди. Бу жуда яхши ғоя, аммо метросиз, қулай автобус йўналишларисиз ҳалқа йўл электричкаси ўзининг тўлиқ самарадорлигини кўрсата олмайди.
 
Ян Гейлда соя-салқин кўчалари ва пиёдалар зонаси кўп бўлган Самарқанд шаҳри яхши таассурот уйғотди. Аммо, унинг фикрича, бу ерда ҳам “кўчалар ўрнига йўллар қурилмоқда”. Агар кўчаларни торайтириб, йўл ўртасидаги ажратиб турувчи тўсиқлар олиб ташланса, автомобилларнинг тезлиги камайтирилса, одамлар учун кўчани кесиб ўтиш енгиллаштирилса, кўпроқ дарахт экилса, шаҳарни янада қулайроқ қилиш мумкин. Самарқанд йўлларини яна қанча торайтириш мумкин – бу номаълум, бу керакми ёки йўқми – бу ҳам катта савол.
 
Ян Гейл на Тошкентда, на Самарқандда кўчаларни кўрмагани – бу лойиҳачилар ҳамда шаҳар ва туман ҳокимиятларининг айби. Аваллари “қизил чизиқ” тушунчаси бўларди. Қизил чизиқ ортида давлат ери бошланарди. Ундан ташқарига чиқиш қатъий жазоланар, қизил чизиқ ортига тушиб қолган ҳар қандай бинонинг қисми шубҳасиз бузиб ташланарди.
 
Кексалар Тошкентда мазза қилиб сайр қилиш мумкин бўлган ажойиб тротуарлар бўлганини айтишади. Ўзбекистонни қамраб олган нотўғри бозор муносабатлари архитекторлар ва маҳаллий ҳокимият органларини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Энди одамлар тротуарнинг бир қисмини эгаллаб олиб, уни шундай “ободонлаштириши” мумкинки, пиёда уйни йўлнинг қатнов қисмидан айланиб ўтишига тўғри келмоқда. Бундай ноқонуний ҳаракатларни нафақат ўз участкаларига эга фуқаролар орасида, балки жамоат ёки тижорат биноларининг қурилишида ҳам кўриш мумкин. Бунга шубҳа билан қаровчилар Шаҳристон кўчаси, Бунёдкор шоҳ кўчаси, Ц-1, қурилаёган “Экопарк” ёни  бўйлаб юришга уриниб кўриши мумкин. Бу Тошкентнинг хоҳ маркази, хоҳ чеккаси бўлсин, деярли ҳар бир кўчага хос.   
 
«Тошкент аҳоли учун қулай бўлган, одамлар автомобилга эмас, балки автомобиллар одамларнинг эҳтиёжларига хизмат қиладиган шаҳарга айланиши учун барча имконият мавжуд. Асосий вазифа – машиналарни эмас, балки одамларни бахтли қилиш», — дейди Ян Гейл.
 
Унинг фикрича, энг муҳими – бу ўзгаришларга бўлган сиёсий ироданинг борлиги. «Тошкент ҳокимлигининг бизни таклиф қилгани, ҳокимият одамлар учун шаҳар қуришдан манфаатдор ва буни қилиш ниятида эканидан далолат беради», — қайд этади у.
 
Тошкент ҳокими Раҳмонбек Усмонов ва Ян Гейл архитектор бошчилигидаги жамоа транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, кўчалар ва тротуарларни реконструкция қилиш, дарёлар ва каналлар соҳили бўйлаб рекреацион зоналарни яратиш, яшил зоналар ва истироҳат боғларини ташкил этиш йўналишларида пойтахтнинг бош планини яхшилаш бўйича тавсияларни тайёрлашига келишиб олишди.
 
Шунингдек ҳокимнинг таклифига биноан ва SFI Management компаниясининг кўмагида ўзининг “одамлар учун шаҳар” ғоясини тақдим этиш учун Ян Гейл яна Тошкентга келиши кутилмоқда.
 
Биз, солиқ тўловчилар (ҳокимият ҳам бизнинг ҳимобимиздан яшайди) ҳатто бу ғоя бизга қанчага тушишини билмаймиз ҳам. Ўйлашимча, тепадан бериладиган ҳар қандай таклифга “тарафдор” сифатида овоз бериш учун мунтазам йиғиладиган “халқ депутатлари” ҳам буни билмайди.  
 
Чунончи биринчи қадамлар, агар ўша тилга олинган “сиёсий ирода” бор бўлса, мутлақо бепул бўлиши ҳам мумкин-ку. Ҳокимлик бу борадаги ишни шаҳарга “Меҳржон” болалар боғини қайтаришдан бошлаши зарур, деб ўйлайман. Бир пайтлар у ҳокимиятнинг янги биносини қуриш учун шаҳарликлардан тортиб олинганди. Ҳозир у ерда Халқ банки жойлашган. Шунчаки металл деворларни олиб ташлаб, одамларни қўйиш керак холос.
 
Одамлар ёқимли хиёбонда дам олиши учун Олий Мажлис атрофидаги металл тўсиқларни ҳам олиб ташлаш мумкин. Ҳозир у ер ёпиқ ва, эътибор қилинг, ҳеч ким, ҳатто бинодан фойдаланувчилар томонидан ҳам ишлатилмайди.
 
Шаҳар марказидаги жамоат ҳаётини тикласак ҳам яхши бўларди, аммо у дарахтлар, инфратузилмадан шу даражада “тозаланганки”, бу ерда соя-салқинлик пайдо бўлиши ва одамлар қайтиши учун энг яхши ҳолатда беш-олти йил кутишга тўғри келади. Бусиз ҳеч қандай даниялик ян гейллар (уларни ҳурмат қиламиз, албатта) ёрдам бера олмайди.
 
Кейин, Тошкент на иқлими ва на майдони бўйича Копенгаген эмаслигини, тошкентликлар эса данияликлар эмаслигини ва улардай бўлиши даргумонлигини ҳам шаҳар ҳокими эсдан чиқармагани маъқул. Биз шаҳарнинг ривожланиш тарихи, одамларнинг менталитети, ҳаёт суръати, молиявий имкониятлари ва бошқа муҳим кўрсаткичлар бўйича улардан жуда узоқмиз. Тошкентда ажойиб йўллар тармоғи ривожланаётгани – бу унинг камчилиги эмас, балки ютуғидир. Буни эсли одамлар лойиҳаларга киритишган.
 
Шунчаки мияларда, ишларда, иш муносабатларида тартиб ўрнатиш керак холос, шунда ҳаммаси ўз ўрнига тушади.
 
Даниялик архитекторнинг хоҳиши бўйича бир уриниб кўриб, натижада ҳар доимгидай “қош қўяман деб, кўз чиқариш” бўлиб қолмасин, яна.
 
Йўлдош Турсунов,
Anhor.uz учун махсус.
Фотосурат Алла Гажаеваники.

 
Маълумотнома: Ян Гейл бутун дунё бўйлаб шаҳар дизайни бўйича кўплаб лойиҳаларда қатнашган. Хусусан, 2007 йилда уни пиёдалар ва велосипедчиларнинг ҳаётини яхшилаш мақсадида Нью-Йорк кўчаларини ўзгартириш учун Нью-Йорк Транспорт департаменти ёллаган. Гейл Нью-Йорк, Лондон ва Москвадаги жамоат ҳудудларини одамларга қулайроқ қилиш бўйича тавсияларнинг муаллифи ҳисобланади.  

Унинг Марказий Осиёдаги ишлари орасида Алмати шаҳрининг қиёфасини тубдан ўзгартириш бўйича тугалланмаган ишини қайд этиш мумкин. Бу ерга уни шаҳар акимати 2015 йилда таклиф қилган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.