Исломнинг ҳақиқий моҳияти – тинчлик, фаровонлик ва маърифат

Исломнинг ҳақиқий моҳияти – тинчлик

2017 йил 15 июн куни Тошкентда ижтимоий барқарорлик, ислом динининг ҳақиқий моҳияти ва мазмунини асраш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қатнашди.

Шунингдек анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раҳбарлари, дин арбоблари, “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармаларининг фаоллари, Аёллар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ, ҳокимиятлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг вакиллари, фан ва маданият арбоблари, диний таълим муассасаларининг раҳбарлари ва талабалари ҳамда жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон Президенти бугун мамлакатимизда турли диний конфессияларга мансуб 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинчлик ва иноқликда яшаб, меҳнат қилаётганини қайд этди. Улар ўзларининг миллий маданияти, анъаналари ва одатларини сақлаши ва ривожлантириши учун барча шароитлар яратилган.

Мустақилликнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлашга устувор эътибор қаратилди. Муқаддас динимизнинг софлигини асраш, миллий қадриятларни тиклаш, хотирани қадрлаш ва буюк аждодларимизнинг меросини асраш, улар дафн этилган жойларни ободонлаштириш учун кўплаб ишлар қилинди ва бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда.

Шу билан бирга ислом фани ва маданиятининг ўчоқларидан бири бўлган мамлакатимизнинг бой тарихи, маданияти, буюк мутафаккирларимизнинг ҳаёти ва уларнинг бебаҳо маънавий мероси ҳамон етарлича ўрганилмаган.

Давлатимиз раҳбари ислом динининг ҳақиқий гуманистик мазмун-моҳиятини чуқур очиб бериш учун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ислом маданияти марказини яратиш бўйича ишлар бошланганини маълум қилди.

Шунингдек Президент билимлар даражасини ошириш, маърифатни кенг тарғиб қилиш, ҳаётий ва амалий мисоллар орқали ёшлар билан мулоқотни кучайтириш, уларга динга нисбатан соғлом муносабатни сингдириш зарурлигини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг самарали фаолиятини ошириш, унинг ҳузурида фаолият кўрсатувчи ташкилотлар ва диний ходимларга қулайликлар яратиш учун чоралар кўрилишини таъкидлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.