“Биз бунақа майда-чуйдалар учун терминал ишлатмаймиз”
Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти (ИҲҲҚЖ)га шу тумандаги хусусий дўкон сотувчиларининг ноқонуний ҳаракатларидан норози бўлган фуқаролар Р.Йўлдошова ва Н.Абдулакимова мурожаат этди.
Маълум бўлишича, улар пластик карточкаларига савдо қилмоқчи бўлганида, парфюмерия маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўкон сотувчиси 9 000 сўмлик маҳсулот пластик карточка орқали сотилганда 11 000 сўм бўлишини айтган. Айрим товарларнинг нархини сўраганларида сотувчилар эшитмасликка олган, арзонроқ товарларни харид қилмоқчи бўлишганида эса “Биз бунақа майда-чуйдалар учун терминал ишлатмаймиз”, дейишгача бориб етган.
Ушбу ҳолат юзасидан масъул ваколатли давлат назорат органлари вакиллари билан ҳамкорликда ва истеъмолчилар иштирокида ўрганиш ишлари ўтказилди. Натижада истеъмолчилар тўла-тўкис ҳақ экани ўз исботини топди, дейди Шеробод тумани ИҲҲҚЖ ижро этувчи аппарати раиси И.Мардонов.
Шунингдек,ўрганиш ишлари давомида дўконнинг номи, унинг юридик манзили ва иш тартиби ҳақидаги лавҳалар йўқлиги, сотувда мавжуд товарларнинг нархномалари, сотувчи тўғрисидаги ёзма маълумот истеъмолчиларга ҳавола этилмагани ҳам аниқланди. Сотувчиларга ушбу камчиликлар қисқа вақт ичида бартараф этилиши лозимлиги тушунтирилиб, харидорлар билан доим хушмуомала бўлиш зарурлиги уқдирилди. Дўкон сотувчилари ўз хатти-ҳаракатлари учун истеъмолчилардан кечирим сўради. Бўлиб ўтган ҳолатлар юзасидан тегишли маълумотномалар тузилиб, бундай салбий ҳолатлар сотувчилар томонидан яна такрорланса, улар тегишли тартибда жавоб беришлари ҳақида огоҳлантирилди, дея қайд этади Ўзбекистон истеъмолчиларининг ахборот хизмати.
Шарҳлар