GM Uzbekistan расмий баёнот берди: “Курс ошса ҳам, нарх ошмайди”

GM Uzbekistan расмий баёнот берди: “Курс ошса ҳам

GM Uzbekistan Фейсбукдаги саҳифасида ўз фаолиятига доир расмий хабарни эълон қилди. Унда компания «Нега қиммат?», «Нега долларга боғланган?» сингари кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб берган.

«Сўнгги кунларда бир қатор электрон оммавий ахборот воситалари томонидан GM Uzbekistan АЖ фаолиятига доир, хусусан савдо тизимидаги ўзгаришларга бағишланган бир қанча мақолалар чоп этилди. ОАВ вакиллари томонидан сўнгги пайтларда бизнинг соҳада содир бўлаётган жараёнларга танқидий ва энг эътиборлиси, таҳлилий ёндашувларини тўлалигича қўллаб-қувватлаймиз ва конструктив рухдаги очиқ мулоқотга тайёр эканлигимизни таъкидлаб ўтамиз. Шу нуқтаи-назардан келиб чиқиб, ушбу мақолаларда келтирилган энг долзарб масалаларга очиқлик киритмоқчимиз», — дейилади хабарда.
 
«Курс ошса ҳам, нарх ошмайди»

Ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар нархини АҚШ долларига боғлаш иқтисодиёт субъектлари томонидан кенг қўлланилиб келинаётган амалиёт бўлиб, кўпчилик учун янгилик эмас.

Масалан, миллий авиакомпания, мобил алоқа операторлари, интернет провайдерлари, туристик фирмалар ўз товар ва хизматлари учун тарифларини эркин конвертациядаги хорижий валютада, АҚШ доллари ёки Еврода белгилайдилар. Тўловлар Марказий банкнинг тўлов санасидаги расмий курси асосида миллий валютада амалга оширилади.
 
Шу билан бирга таъкидлаб ўтиш жоизки, автомобиль учун олдиндан тўловнинг минимал миқдори (85%) амалга оширилгандан кейин тўловнинг қолган қисмига валюта курси ўзгариши таъсир қилмайди ва автомобиль учун тўлов шартнома тузилган кундаги курс асосида амалга оширилади, яъни автомобиль нархи ўзгармайди.
 
Нархлар осмондан олинган эмас…

Автомобиллар нархлари авваламбор ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлардан, давр харажатлари, молиявий фаолият бўйича харажатлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича харажатлар, шунингдек автомобилларнинг минимал рентабеллигининг мувофиқлаштирилган даражасидан келиб чиқиб шаклланади.

Нархларни асослашда ҳамда автомобилларни ишлаб чиқариш ва сотиш давомида пайдо бўладиган харажатларини аниқлашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилинади.

Шу билан бирга, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан монополист бўлган GM Uzbekistan фаолияти устидан, хусусан автомобиль нархини белгилаш ҳамда нархларни келишилган меъёрларини қўллаш тартибига риоя этилиши устидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ давлат назорати амалга оширилади.

Кўп кутмай десангиз, кўпроқ тўлашингизга тўғри келади…

Автомобилсозлик — бу катта миқдордаги молиявий маблағ, вақт, техник салоҳият ва бошқа ресурсларни талаб қилувчи кўп ўлчовли жараёндир. Жаҳон автомобиль ишлаб чиқарувчилари тажрибаси шуни кўрсатадики, хом ашёдан то тайёр маҳсулот, яъни автомобиль ишлаб чиқарилишигача ўртача 3 ойдан 6 ойгача вақт талаб қилинади.

Эътиборли жиҳати шуки, Ўзбекистон асосий денгиз маршрутларидан узоқда жойлашган ҳудудлар сирасига киради. Ўзбекистон автомобиль саноати умумжаҳон автомобилсозлик тизимининг узвий бир қисмига айланган бўлиб, ҳозирги кунда автомобиль ишлаб чиқариш учун керак бўлган муайян турдаги хом ашё ва бутловчи қисмлар дунёнинг деярли барча қитъаларида жойлашган 20дан ортиқ мамлакатлардан олиб келинади. Улар сирасига Жанубий Корея, АҚШ, Германия, Италия, Мексика, Бразилия, Россия, Польша ва бошқа кўплаб давлатлар киради.

Ушбу омиллардан келиб чиқиб, тайёр автомобилни етказиб бериш муддатлари белгиланади ва ўртача 3 ой вақт талаб килади.

Ишлаб чиқариш жараёнлари ва нормативлари, логистика ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда GM Uzbekistan томонидан автомобилларни харидорларга етказиб бериш муддатларни қисқартириш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда ва шунинг учун икки ойлик ишлаб чиқариш ҳажмидаги автомобилларга шартнома тузилиб келинмоқда.
 
Албатта, корхона омборларида бир неча ойларга етадиган даражада бутловчи қисмларни олиб келиб сақлаш ҳам мумкин. Бироқ, бу ўз навбатида молиявий маблағларни катта миқдорда «музлатилишига» ва автомобиль таннархини ошиб кетишига олиб келади. Баъзи ҳолларда бундай сақланган материаллар сифати бузилиши ва яроқсиз ҳолга келиши хавфи бор.
 
Шу каби салбий ҳолатларни олдини олиш, молиявий харажатларни камайтириш ва автомобиль таннархини меъёрий савияда ушлаб туришни таъминлаш мақсадида корхона омборларида ишлаб чиқариш режасига асосан керак бўладиган минимал миқдордаги хом ашё ва бутловчи қисмлар сақланади.

Етказиб бериш муддатларини қисқартриш мақсадида ойлик равишда шартнома тузиш тизими тадбиқ қилинди ва натижада серияли ишлаб чиқариладиган автомобиллар етказиш бериш максимал муддати 60 иш куни деб белгиланди («Каптива», «Малибу», «Орландо» автомобиллари бўйича етказиб бериш муддатлари 90 иш кунини ташкил этади). Бу тизимни тадбиқ қилишнинг асосий мақсадларидан бири, ҳаридорларни бир неча ойлаб ўз автомобилларини етказиб берилишини кутиш ва автомобиль нархи ўзгарганда қўшимча тўловларни амалга ошириш натижасида вужудга келадиган эътирозларни, ҳамда ушбу ҳолатдан баъзи бир шаҳслар томонидан спекулятив равишда ғараз мақсадларда фойдаланишни олдини олишдан иборат.

Маҳаллийлаштириш даражаси 100% бўлишини кутинг

Автомобиль таннархини камайтиришда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнлари муҳим ўрин тутади ва бу борада кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилиб, йилдан-йилга маҳаллийлаштириш даражаси ошиб бормоқда.
 
Бугунги кунга келиб, маҳаллийлаштириш дастурини ҳисобга олган ҳолда жами 160дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этилди ва ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бунинг натижасида айрим моделлар бўйича маҳаллийлаштириш даражаси 70-75%гача етди.
 
Шу билан бирга, баъзи бир турдаги бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш умумий ишлаб чиқариш ҳажмлари камида 500 минг дона автомобилга етганда самарали амалга оширилиши мумкин. Шунинг учун, темир, алюминий, полимерлар, цилиндрлар блоки, трансмиссия, тезлик узатиш қутиси, автомобиль ички компьютерлари каби баъзи хом ашё ва бутловчи материаллар ҳозирги кунда чет элдан импорт қилинмоқда.

«Аввал кўриб, кейин ёзинг» ёхуд журналистлар учун матбуот-сафари

Юқорида келтирилган ва шу каби бошқа саволларни батафсилроқ ёритиш мақсадида GM Uzbekistan томонидан ОАВ вакиллари учун автомобилсозлик тармоғи корхоналарига матбуот сафари уюштирилиши режалаштирилмоқда.

Ушбу ташриф давомида журналистлар нафақат ишлаб чиқариш жараёнлари, балки савдо тизиминда амалга оширилган янги ташаббуслар билан бевосита таништирилади ва ўртага ташланадиган саволларга тўлиқ ва батафсил маълумот берилади. Ушбу ташаббус жорий йилнинг 5 июлида Асака автомобиль заводида уюштирилади ва натижалари кенг оммага етказилади.

Манба: Спутник нашри

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.