Наманганда мева ва сабзавотларни қайта ишлаш бўйича 6 та завод ишга туширилади
2014 йилда Наманган вилоятида мева, сабзавот ва узумни қайта ишлаш бўйича 6 та корхонани ишга тушириш кўзда тутилган, дея хабар беради Узинформ.
«Ҳозир Наманган вилоятида мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича 58 та ҳамда гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишловчи 60 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар ички бозорни муваффақиятли тўлдирибгина қолмасдан, ўтган йили 15 млн долларлик маҳсулот ҳам экспорт қилди», – дейди вилоят ҳокимлигининг иқтисодиёт бўйича бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Оқилжон Иномов.
Шу ўринда, вилоятда боғдорчилик ҳам жадал суръатлар билан ривожланаётганини қайд этиш жоиз. Ўтган уч йил ичида (2011-2013 йиллар) 745 гектар ерда жадал боғлар барпо этилди.
Вилоят иқтисодиёт бошқармаси маълумотларига кўра, бу йил 308 минг тонна мева ва узум, 605 минг тонна сабзавот ҳамда 218 минг тонна картошка етиштириш режалаштирилган.
Фотосурат: © wikimedia.com
Шарҳлар