Марказий банк: Агар ҳақ-ҳуқуқларингиз бузилишига дуч келсангиз, бизга ЯИДХП орқали мурожаат қилинг

Марказий банк: Агар ҳақ-ҳуқуқларингиз бузилишига дуч келсангиз

Агар сиз жойларда қонуний манфаатларингиз ва ҳақ-ҳуқуқларингизнинг бузилиши ҳамда ҳал этилмаётган ҳоллар билан тўқнаш келсангиз, бевосита Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раисига Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этишингиз мумкин, дея маълум қилади Ўзбекистон Марказий банкининг матбуот хизмати.
 
Порталда йўлга қўйилган ушбу янги хизмат кўриб чиқиш муддатларини асоссиз чўзиш, кредитлар ва кўрсатилаётган бошқа банк хизматлари тартибларини бузиш, банклар ва тадбиркорлик субъектлари ҳамда мижозлар ўртасидаги муносабатларда юзага келадиган бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган.
 
Бундан ташқари, мижозларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раиси номига йўлланадиган ариза ва шикоятларни (8 800) 200-00-44 (республика бўйича қўнғироқ қилиш бепул) ишонч телефон рақамларига қўнғироқ қилган ҳолда билдиришингиз мумкин.

 
Ҳар бир мурожаат рўйхатдан ўтказилади ва назоратга олинади. Юборилган барча мурожаатлар бўйича тегишли чоралар кўрилади, таклифлар эса тижорат банкларининг фаолиятида эътиборга олинади. Тадбиркорлар ва мижозларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузишда айбдор бўлган шахслар жавобгарликка тортилади.
 
Мазкур хизмат 2013 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишлаб жорий йилнинг 17 январида Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан қўйилган вазифаларни бажариш мақсадида яратилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.