Имтиёзлар – қадр-қиммат мезони

Қизилқум чўлларини азалдан “Қуш учса   қаноти, одам юрса оёғи куядиган” маконга қиёслашади. Ёзнинг жарима иссиқларида товони куйса ҳам, қишнинг қаҳратон совуқларида борлиқ музласа ҳам, аёвсиз  бўрон шамоллари қум барханларини кўчириб, кўзларни очиришга қўймаганида ҳам,  ҳудуддаги матонатли кишилар бу бепоён кенгликларни тарк этмайди, ташлаб кетмайди.   Чунки Ватан меҳри, Ватанга садоқат туйғулари Томди туманида яшаётган ҳар бир инсонга  ота мерос. Кенгликлар саодати, туғилиб ўсган  шу она тупроқ бизга қийинчиликларни енгишга  куч ва қувват беради. Ватан тақдирига боғланган тақдирларимиз эзгу ва улуғ мақсадларга ҳамроҳлиги учун шундай!
     
Томди  Қизилқумнинг асосий бўлаги ҳисобланиб,  тўқсон йиллик тарихга эга. Бир томони  Қозоғистон Республикаси билан туташган.   Ерларнинг 71 фоизи яйловлар  ҳисобланади.  Сувсиз саҳрода суғориладиган ерлар мавжуд эмас. Туман асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

        Аҳолининг 69,2 фоизини қозоқлар, 29,4 фоизини қорақалпоқлар, 1,2 фоизини ўзбеклар, 0,2 фоизини бошқа миллат вакиллари ташкил этади.  7 та овул фуқаролар йиғинида 15 мингга яқин аҳоли, 1992 та хонадон, 2409 та оила истиқомат қилади.     Туман  ҳудудининг бепоёнлигини Навоий вилояти умумий ер майдонининг 38 фоизини  ташкил этиши мисолида кўриш мумкин.    

         Иқтисодий ислоҳотлар жараёнида томдиликларнинг ҳам муносиб ўрни  ва ҳиссаси бор. Тўғри, кейинги йилларда иқлим ўзгариши, об-ҳаво инжиқликлари, бозор иқтисодиёти мураккабликлари томдиликларни бироз қийнаб қўйди…    Туман  аҳолисининг 51,2 фоизини аёллар   ташкил килади.     Вилоят марказидан жуда олисда, чекка  чўл ҳудудида  жойлашганлиги боис жуда кўп муаммоларни келтириб чиқариши аниқ. Энг аввало мутахассислар, айниқса тиббиёт ходимларининг етишмаслиги,оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги қийинчиликлар, иш ўринларининг камлиги,  ҳозирги  давр ёшлари талабига мос иш ўринларининг яратилмаганлиги боис ёшларнинг турли шаҳарларга ўқиш учун кетиб,   чўлга қайтишни хоҳламаганлиги, саноат корхоналарининг йўқлиги кўп йилдан буён ечим кутаётган муаммолардан эканлигини айтиш мумкин. Ҳатто айрим  ёшлар  шаҳарга бутунлай кўчиб кетиш тараддудини кўрганликлари ҳам ҳеч кимга сир эмас.

  Томдиликлар ҳам  Истиқлолгача елкасига офтоб тегишини кутиб, катта умидлар билан яшаган.    Дарҳақиқат, шўролар даврида чорвачиликни ривожлантириш,  ноёб қоракўл тери етиштиришни кўпайтириш асосан томдилик чорвадорлар зиммасида эди. Меҳнатнинг зўри уларники эди-ю, роҳатини марказдаги оғалар кўрарди.

Истиқлолга эришганимиздан сўнг  чўлга ҳам баҳор келди. Орзиқиб кутилган кунлар келиб, томдиликлар ҳам мустақиллик неъматларидан баҳраманд бўлишди. Бирин-кетин ижтимоий, маиший объектлар, тиббиёт ва таълим муассасалари қурилиб, фойдаланишга топширилди.   
Конституциямизнинг 18-моддасида  “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига  мос  бўлиши шарт” деб белгилаб қўйилганлиги бежиз эмас.
Қизилқумликларнинг фарзандлари учун  ўз тилларида   умумий ўрта таълим  мактабларида билим олиш, Навоий давлат педагогик институтининг қозоқ тилида таълим берадиган факультетларида  олий таълим  олиш имкониятлари яратилган.

         Мустақилликнинг  томдиликлар учун энг катта мукофоти –“Бирлик” ширкат хўжалигининг бош чўпони Серикбай Сағатовнинг “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган энг юксак унвонга сазовор бўлганлигидир. Истиқлол йилларида халқ хўжалигининг турли соҳаларида ҳалол меҳнат қилиб келаётган 40 дан ортиқ томдилик турли касб эгалари Ватанимизнинг  орден –медаллари билан тақдирланганлиги ҳам  чўл заҳматкашларига эътибор ва уларнинг меҳнати қадр топганлиги белгисидир.

          Бундан ташқари, ҳукуматимиз, шахсан Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг чўл ҳудудида яшаб, меҳнат қилаётганларга   кўрсатаётган алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги   туфайли одамлар қалбида эртанги кунга  ишонч,  кўнгилларга  ёруғлик  кираётганлиги ҳам айни ҳақиқат.   Буни Президентимизнинг  айнан  чўл  ҳудудларини ривожлантиришга қаратилган  қатор ҳаётбахш қарорлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Чунончи,  Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3182-сонли қарори бу борадаги вазифаларни аниқ белгилаб берди. Мазкур қарор  асосида ҳар бир сектор раҳбарлари фаолияти мониторинги юритилиб, ишлар мувофиқлаштирилиб, туманни ижтимоий-иктисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, жойларда ишларнинг ҳақиқий аҳволини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, халқ билан бевосита мулоқотнинг сифат жиҳатдан янги ва самарали шаклларини жорий этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди ва  қатор амалий ишлар қилинди. Жумладан,   “Ҳалқ қабулхоналари”га мурожаат этаётган фуқароларнинг манфаатларини ҳимоялаш ва уларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги мажлис баёни асосида “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган  200 га  яқин оилага жами  276 850 000 сўмлик 21 турдаги уй-рўзғор буюмлари тарқатилди. Туман марказидаги 2 та уй  231 308 820 сўмга капитал таъмирланди ва 4 нафар ногирон, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларга берилди.
    
Туман ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида 3-сонли умумтаълим мактаби биноси (140 ўринли ўқув биноси қуриш билан бирга) 577.6 млн.сўмга реконструкция қилинди, 1-сонли мактабгача таълим муассасасининг 1-филиали биносида 644.5 млн. сўмлик ва 2-сонли мактабгача таълим муассасасининг 2-филиали том қисмида 79.0 млн.сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.       

           Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги ПҚ-2639-сонли қарорига асосан туманнинг “Томдибулоқ” овул фуқаролар йиғини “Шарқ” массивида жами 54 та   уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

           Булардан ташқари,   аҳоли пунктларида ўтказилган хатлов натижаларига кўра аниқланган 6830 та қаровсиз ва ташландиқ бино-иншоотлар бузилиб, 514 та уй-жойларда енгил таъмирлаш, 783 та ёрдамга муҳтож аҳолини уй-жойлари ҳамда 30 та ижтимоий соҳа объектларида таъмирлаш ишлари олиб борилди.

          Шунингдек, туман ҳудудида олий маълумотли кадрлар етишмовчилиги ва қўнимсизлигини олдини олиш мақсадида  Президентимизнинг 2017 йил 25 апрелдаги “Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2925-сонли қарорига асосан тумандаги бюджет ташкилотларини олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш масаласи юзасидан  ҳам  бир қатор ишлар амалга оширилди.

      Тумандаги бюджет ташкилотларининг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжи ўрганилиб, аниқланган 64 та вакант иш ўринлари бўйича вилоят ҳокимлигига   хат билан мурожаат қилинга бўлиб, бугунги кунгача мазкур қарор асосида тумандаги бюджет ташкилотларда олий маълумотли кадрларга бўлган талабни қондириш, кадрлар қўнимсизлигини олдини олиш мақсадида бошқа ҳудудлардан таклиф этилган олий маълумотли кадрлардан туман тиббиёт бирлашмасига ,  туман ветеринария бўлимига  , ветеринария лабараториясига   олий маълумотли шифокорлар, халқ таълими бўлимига  , туман  БЎСМга  , Агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежига   олий маълумотли ўқитувчилар ва туман ҳокимлиги иқтисодиёт ва ҳудудни комплекс ривожлантириш бўлимига  , туман Архитектура бўлимига  , туман ДСЭНМга  , туман нотариал идорасига  , туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлимига  жами 27 нафар олий маълумотли ходимлар ишга қабул қилинди ва  вилоят комиссияси қарори билан уларга устама ва компенсациялар ажратилиши белгиланди.   

Шунингдек, вилоят комиссияси қарори асосида бугунги кунга қадар бошқа ҳудудлардан кўчиб келиб, ишга жойлашган олий маълумотли мутахассислардан 14 нафарига жами 39 миллион сўмлик бир марталик моддий ёрдам пуллари тўлаб берилди. 
         
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги овул фуқаролар йиғинлари ва Томди Агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежида олиб борилган тарғибот ишлари натижасида олий таълим муассасаларига ўқишга ҳужжат топширишни режалаштириб, туман ҳокимлигига мурожаат қилган 76 нафар туман ёшлари    мамлакатимиздаги турли олий ўқув юртларига  ҳужжат топшириб, ўтказилган тест синови натижаларига кўра жами 34 нафар йигит-қизлар Навоий, Бухоро ва Самарқанд ви­лоят­ларидаги олий таълим муассасаларига  ўқишга кирди , шундан 26 нафари имтиёзли равишда давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

         Президентимизнинг 2017 йил 29 сентябрдаги “Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрини комплекс ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3301-сон қарори  Томди тумани аҳолиси учун  яна янги имкониятлар эшигини очди.

          Мазкур қарор билан   замонавий рақобатбардош саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш шу жумладан, қурилиш материаллари, тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишни ривожлантиришга йўналтирилган янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш; чорвачилик соҳасини, шу жумладан туячиликни янада ривожлантириш, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлашни рағбатлантириш; йўл транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш, муқобил энергия манбаларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш; аҳолининг маиший уй-жой шароитларини яхшилаш, соғломлаштириш ва маданий ҳордиғини ташкиллаштириш, таълим ва тиббиёт муссасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрини комплекс ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг асосий йўналишлари этиб белгиланганди.

       Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманининг Деҳибаланд, Сентоб, Темирқовуқ, Қизилча, Гум ва Чуя аҳоли пунктлари ҳудудлари ҳамда Зарафшон шаҳри аҳолисининг яшаш шароитлари ва турмуш даражаси сифатини тубдан яхшилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш чора-тадбирларини амалга оширишнинг ишончли ва барқарор молиялаштирилишини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлигида Махсус жамғарма ташкил этилиши ҳамда Жамғарма шакллантирилишининг аниқ манбалари белгиланганлиги; 2017-2019 йилларда Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех туманлари, Нурота туманининг Деҳибаланд, Сентоб, Темирқовуқ, Қизилча, Гум ва Чуя аҳоли пунктлари ҳудудлари ҳамда Зарафшон шаҳрида 2017 йил 1 октябрдан бошлаб 2028 йил 1 январга қадар:
    саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларини (савдо ва автомобилларга газ қуйиш шахобчаларидан ташқари) барча турдаги солиқлардан ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига тўловлардан;
   туячилик ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида фаолиятини амалга оширувчи фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари-ягона ижтимоий тўловдан;
    давлат рўйхатидан ўтган ва ушбу ҳудудларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқлардан;
   давлат рўйхатидан ўтган ва фаолият юритаётган юридик шахсларнинг муассислари дивиденд тарзида олинган фойдасидан тўлайдиган даромад солиғидан озод этилиши айни муддао бўлди.

         Мазкур қарор  шарофати билан 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб вилоятнинг Томди, Учкудук, Конимех, Нурота туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрида жойлашган мактабгача таълим муассасаларидаги, “Баркамол авлод” марказларидаги, мусиқа ва санъат мактабларидаги машғулотлар учун ота-оналар тўловлари республика миқёсида белгиланган миқдорнинг 50 фоизи миқдорида белгиланганлиги ҳам диққатга сазовордир.
 
Шунингдек, “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси, “Қизилқумцемент” ва “Навоийазот” акциядорлик жамиятларининг вилоятимизнинг Томди туманида жами 1,5 минг бош туя ва 10 минг бош қўй боқишга мўлжаланган чорвачилик комплексларини барпо этиш ҳамда “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси томонидан мазкур ҳудудларда тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш йўли билан 1000 нафар маҳаллий аҳоли бандлигини кафолатли таъминлаш мақсадида тикув машиналари ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди ва томдиликлар томонидан жуда катта мамнуният билан кутиб олинди.

        Бундан ташқари, 2017 йил 1 октябрдан бошлаб туманда жойлашган фойдаланилмасдан бўш турган давлат мулки объектларини тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган тадбиркорлик субъектларига янги иш ўринлари яратиш шарти билан ўн йилгача муддатга ижара ҳақининг “ноль” қийматида берилиши таъминланади.

         Буларнинг барчаси Юртбошимизнинг  чўлнинг оғир шароитида яшаётган оилалар турмушини фаровон этиш, кўнгилларига  эртанги кунга ишонч, ёшларга  ғайрат бағишлаш, меҳнатларига яраша муносиб шароитларга эга бўлиш орзусини амалга ошириш йўлидаги саъйи ҳаракатларидир. Шукр қилиб яшашни томдиликлардан ўрганса арзийди.
                                                                                     
Маруса ҲОСИЛОВА

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
  
 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.