«Қопқон”га тушган меҳмон…

Дунё чайқалиб турган, турли давлатларда хунрезликлар авжга чиққан шундай таҳликали замонда минг шукрким,  юртимиз тинч,  халқимиз осуда ҳаёт кечирмоқда. Юртбошимизнинг оқилона сиёсати туфайли бугунимиз ва эртамиздан кўнглимиз тўқ.
        
Юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти  йўлида хизмат қилишни шараф деб билган замондошларимиз амалга ошираётган улкан бунёдкорлик ишларидан ўрнак олса арзийди. Аммо гоҳида ўзи билиб- билмай Ватанга, ватандошларига яхшилик  эмас, ёмонликни раво кўраётган кимсалар ҳам борлиги кишини ташвишга солади. Ён қўшнимиз- бухоролик  ўттиз икки ёшли Низомиддин Асадов тирикчилик ғамида  узоқ вақт республикамиздан ташқарида ишлаб, уйга қайтар чоғида  “қопқон”га тушди. “Волгаград-Ургенч- Тошкент” йўловчи поезди билан Навоий темир йўл вокзалида Навоий тармоқ ИИБ ходимлари томонидан қўл юклари ва ёнида бўлган  “SAMSUNG” маркали қўл телефони кўздан кечирилганда, видеофайллар орасида бир дона порнографик мазмундаги видеоролик борлиги аниқланди.
        
Қадрдон уйи, анчадан буён кўришмаган яқинлари ёнига ёруғ юз билан бориш ўрнига, юзи шувут бўлиб, ҳуқуқбузар деган тамға билан, боз устига жарима тўлаб боришга мажбур бўлган бу йигит шаҳар бедарвоза деб ўйлаб, чучварани хом санаганини   анча кеч англади.
        
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан Н. Асадовнинг ишсизлиги, оиласи, икки нафар фарзанди борлигини, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганлигини, қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини, шунингдек,  Навоий вилояти Маънавият ва маърифат кенгашининг хулосасини  инобатга олиб,  инсонпарварлик  тамойилларидан келиб чиқиб, Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 33 –моддаси қўлланилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
        
Ёшларимиз маънавиятига салбий таъсир кўрсатишга уринаётган, ахлоқ нормаларига ҳурматсизлик билан қараётган  бундай маънавий қашшоқ кимсалар миллатимизнинг Шарқона ахлоқу одоби, ўзбекона ғурури, кўплар ўрнак олса арзийдиган юксак маънавияти борлигини наҳотки унутган бўлсалар?
                                                                   
Маруса ҲОСИЛОВА

          

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.