Кўнгил кўнгилдан сув ичар…
Ҳаёт қувонч ва ташвишлардан, оқ ва қора чизиқлардан, яхши ва ёмон кунлардан иборат. Инсон учун ҳаётнинг ўтиб бўлмас синовлари, ечиб бўлмас тугунлари, ошиб бўлмас довонлари бор. Яратган кимгадир дард берса, кимгадир ғам беради. Бу бири кам дунёнинг синоатлари кўп. Баъзан жонингни берсанг ҳам тўлмайдиган камлари кўп. Бу ҳақиқатларни англаган инсон борки, меҳр-мурувват, хайру саховат, кўнгли кам одамга яхшилик қилишни эзгу амаллардан деб ҳисоблайди. Оллоҳ узрли қилиб яратган инсонларни тушуниш, уларга меҳр-шафқат, оқибат кўрсатиш учун катта инсоний қалб кераклигини барчамиз яхши биламиз.
Жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг жамиятдаги бошқа фуқаролар сингари яшашлари учун шарт-шароит яратиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратилаётган давлат грантлари аҳолининг ҳимояга муҳтож ана шу қатламининг ҳаётига янгича мазмун бахш этмоқда.
Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Навоий вилоят ҳудудий бўлими ҳам жорий йилнинг бошида эълон қилинган грант танловида “ 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси”да ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишга нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаол иштирокини таъминлаш” мавзусида “Ногиронлар манфаатлари ҳамма нарсадан устундир” номли лойиҳаси билан ғолибликни қўлга киритди.
-Лойиҳанинг асосий мақсади,-дейди вилоят ногиронлар жамияти раиси Хосият Ҳасанова,- жамиятимиз ҳузурида имконияти чекланган инсонлар учун “Фитнес чойхона ва тренажёр залини ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида имконияти чекланган шахслар билан жисмоний машқлардан олдин “Соғлом танда-соғлом руҳ”, “Тўғри овқатланиш-узоқ умр гарови”,”Соғлом она-соғлом фарзанд” мавзуларида мини лекция, суҳбат, музокаралар ўтказишдан иборат.
Дарҳақиқат, лойиҳани амалга оширишнинг асосий тадбирлари амалга оширилиб, вилоят ногиронлар жамияти ҳузурида Саломатлик тўгараги- “Фитнес чойхона” ва тренажёр зали учун жой тайёрланиб, лойиҳа сметасига асосан ажратилган маблағ ёрдамида керакли анжомлар сотиб олиниб, жиҳозланди. Саломатлик тўгараги фаолиятини амалга ошириш учун тренерлар танланиб, тарғибот ишлари бошлаб юборилди. Мазкур тўгаракка йил давомида 400 нафар киши жалб этилиши кўзда тутилган.
-Вилоят ногиронлар жамияти бизни ҳамиша қўллаб-қувватлайди,- дейди карманалик 1-гуруҳ ногирони Қаҳҳор Амонов.- Дори-дармон керак бўладими, бошқа муаммога дуч келамизми, дарров ногиронлар жамиятига мурожаат қиламиз. Ҳозиргача бирорта мурожаатимиз жавобсиз қолмаган.
-Мен эса соғлигимни тиклашга кўрсатган беминнат ёрдамларидан ташқари, – дейди биринчи гуруҳ ногирони Ҳусан Пармонов, – Навоий давлат педагогика институтида тўрт йил давомида ўқишимнинг контракт маблағларини тўлаб берганликлари учун, ҳатто эгизагим Ҳасан икковимизнинг никоҳ тўйларимизга кўрсатган ёрдамлари учун ногиронлар жамиятидан жуда миннатдорман.- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан маъқулланган грант лойиҳаси меҳр-саховатли жамият фаолиятини янада кенгайтириши аниқ. Оллоҳ узрли қилиб яратган кўнгиллари гулдек нозик биздек инсонларга ҳаётидан мамнун бўлиб яшашга яқиндан ёрдам берганлиги учун Жамоат фондига алоҳида ташаккур билдирмоқчиман..
Дарҳақиқат, шундай. “Фитнес чойхона ва тренажёр залининг тантанали очилиш маросимида ногиронлар жамияти аъзолари билан бирга Кармана тумани Саломатлик маркази, туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими вакиллари, туман БУСМ шахмат мураббийлари, туман “Маҳалла” жамғармаси ходимлари ва бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ёрдам бериш йўлида вилоят ногиронлар жамияти билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Лойиҳа тақдимоти маросимида жисмоний имконияти чекланган шахслар ҳар куни вилоят ногиронлар жамияти биносида Саломатлик тўгарагида бепул шуғулланишлари мумкинлиги таъкидланди. Шу билан бир қаторда ҳимояга муҳтож аҳолининг кенг қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида хоҳлаган фуқаролар Саломатлик тўгарагига келиб, тренажёрлардан пуллик хизмат орқали бемалол фойдаланишлари ҳам мумкин.
Азиз замондош! Саховатли миллат вакилимиз, кўнглимиз доимо меҳр-оқибат туйғуларига тўла. Ёнимизда яшаётган ҳимояга муҳтож, ҳаётнинг турли зарбаларига дуч келган, жисмоний имконияти чекланган маҳалладошимиздан, ҳамшаҳримиздан меҳримизни дариғ тутмайлик! Бир оғиз ширин сўз нондек арзанда эканлигини унутмайлик!
Маруса ҲОСИЛОВА
Шарҳлар