Остонаси тиллодан уй нега бузилди?! Ёхуд жажжи юракларга берилган зарба!
Ҳаёт бир бўстон, оила бир боғ. Оила боғининг боғбони- ота-она. Фарзандлар эса меҳрга, парваришга муҳтож ниҳоллар. Ота-она бағрида ўсиб, улғайиб, камолга етган қизларимизни меҳримиз соябон бўлган боғимиздан ўзга боққа – янги оила боғига кўчириш тақдирнинг ҳукми. Ўзга боғнинг боғбони эса- қайнона. У меҳрингиз сувидан ичиб ўсган гулингизни бир совуқ нафаси, қаҳри билан бир пасда сўлдириб қўйиши ҳам мумкин, ёки ниҳолингизнинг барқ уриб, янада яшнаб, ширин-ширин мевалар бериши ҳам қайнона-боғбоннинг қўлида. Қиз узатаётганда, “Борган жойингда тош бўл”, деб бежизга тилак билдиришмайди. Тош бўлиш эса осон эмас…
Қайнона ҳақида гап кетгудек бўлса, кўпчилик, “ Ким ўз боласига ёмонликни раво кўради? Қайнона ҳам она-ку! Боласининг бахтини ўйлаб шундай қилгандир-да” дея баҳсга киришади. Тўғри, ҳеч ким ўз фарзандига ёмонликни раво кўрмайди.
Аммо “Остонаси тиллодан уй сеники… ёр-ёр” деб етти маҳаллага эшиттириб, ўлан айтиб келин олган қайноналар нега бирдан келинидан ўз остонасини қизғаниб қолди? Нима эмиш, қудалар тузукли сарпо -суруқ қилмаганмиш, қимматбаҳо тақинчоқлар совға қилмаган ота-онаси учун келинни ёмон кўрармиш. Қайнота “Эсингни йиғ, хотин, уят бўлади, ўғлингнинг бахти латта –путта билан ўлчанмайди”, десаям келинни сиқиб, сувини ичаётган қайноналар ҳамон бир-биридан ранг олаяпти.
Бундан ташқари, арзимаган майда-чуйда баҳоналар билан болалари билан келинни кўчага чиқариб қўйиб, ўғлига “онаси ўпмаган қиз” олиб бермоқчи бўлган “меҳрибон оналар” -золим қайноналар ҳам оз эмас. Болаларни отасидан айираётгани етмаганидек, бошпанадан, ҳамма нарсадан айириш учун шунчалар дийдаси қаттиқ, шунчалар бемеҳр бўлиш керакки, буни тасвирлаш қийин. Ахир қушнинг ҳам уясини бузишни хохламайдиган, ўзи емай боласига едирган, ўзи киймай, боласига кийдирган, ҳатто бировнинг боласига ҳам нон берган, қон берган, керак бўлса, жон берган халқнинг авлодимиз-ку. Нега ўз полапонларимиз ошиёнини ўз қўлимиз билан бузишдан қўрқмайдиган бўлдик? Нега?!
Яқинда Россия телеканалларидан бирида суронли уруш йиллари ҳақидаги хотираларни ёдга олган сиёсатчилардан бири уруш йилларида Ўзбекистонга болалар уйлари ва интернатларга юборилган 600 мингдан ортиқ турли миллат болаларининг барчасини ўзбек оилалари ўз бағирларига олганлиги, ўзлари кўчада ётиб, уларга жой, ўзлари оч қолиб, уларга нон берганларини таъкидлаб, бундай мардлик фақат буюк ўзбек халқигагина хосдир! дея таъкидлаганида қалбимизни ифтихор туйғулари қамраб олиб, кўзларимиз ёшланди. Бугун улар ўз жигарбандини кўчада оч ва юпун, ночор аҳволда қолдираётган айрим ўзбекларимиз ҳақида эшитса, нима деркин, билмадим?
Ҳар гал отаси бор отасиз болаларни кўрганимизда, шоирамиз Зулфиянинг
Уруш! Номинг ўчмас жаҳонда,
Ҳамон битмас, сен солган алам.
Сен туфайли кўп хонадонда
ОТА ДЕГАН БУЮК ШОДЛИК КАМ!
сатрлари ёдга тушади.
Ўз невараларини Ота деган буюк шодликдан айириб, тинчгина ухлаётган қайноналар болаларда нима гуноҳ, бир куни бу норасида гўдакларнинг уволи мени тутмасмикин? деган саволларни ўзига бирор марта бердимикин?
Баъзи қайноналар яхши қизнинг эшигини ҳар куни қоқиб, ҳали турмушга тўлиқ тайёр бўлмаган ёшларни ўзим ёрдам бераман, деб иши битгунча катта ваъдалар бериб, тўйдан кейин барча уй-рўзғор ишларини келинга топшириб қўйиб, арзимаган хато қилса, тирноқ орасидан кир қидириб, ўғлига ёмонлаб, дийдиё қила бошлайди. Йигит тушунган, фаросатли бўлса, аҳдида турадиган, мард бўлса, хўп-хўп. Агар онасининг ноғорасида ўйнайдиган кимса бўлса келинчакнинг аҳволига вой. Оила қасри ҳам барбод бўлди деяверинг.
Оила -муқаддас деган ибора қон-қонимизга сингиб кетган. Мамлакатимизда оила ва никоҳ институтини мустаҳкамлашнинг қонуний асослари яратилган. Бош Қомусимизнинг алоҳида боби Оилага бағишланганлиги бу ҳеч қайси давлатда йўқ. Оила кодексининг қабул қилинганлиги, қатор қонун ва қонуности ҳужжатларининг ҳаётга тадбиқ этилаётганлиги оила ва никоҳ институтига ҳурмат ифодаси эканлиги аниқ. Қолаверса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев учрашувларда қайнона ва келин муносабатларига ҳар гал алоҳида урғу бериб, бу масалада юмшоқроқ бўлинглар, келинни ҳам ўз қизингиздек кўришни ўрганинглар, деб таъкидлайдилар. Юртбошимиз яқинда Навоий вилоятига қилган сафарлари чоғида қизилтепалик бир гуруҳ кўпни кўрган ёши улуғ онахонлар билан учрашиб, оилаларнинг бузилиши бизнинг миллатимиз учун азалдан уят саналганлиги, оилаларни мустаҳкамлашга асосан қайноналар масъуллиги ҳақида алоҳида уқтирдилар.
Ҳақиқатан ҳам, бугун оилаларнинг арзимас баҳоналар билан бузилиб кетаётганлиги, қўша-қўша ўғил-қизлар ё ота, ё онасиз ўсишга мажбур бўлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас…
Вилоят адлия бошқармаси статистик маълумотларига қараганда, ўтган йили Навоий вилоятида 1026 та никоҳ бекор қилинган. Ундан 135 таси фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари орқали, 891 таси суд орқали бекор бўлган. Ўтган йилнинг биринчи чораги давомида 253 та никоҳ бекор қилинган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 292 тага ошганлигини кузатиш мумкин.
-Ҳар ойда суд идорасига фақат никоҳни бекор қилиш юзасидан 70-80 та ариза келиб тушади,- дейди фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди раиси Нурали Раҳмонов.- Энг ачинарлиси, никоҳларини суд орқали бекор қилишимизни сўраб ўтган 2016 йилда 991 та оила ариза берган. Улардан 596 та даво аризаси қаноатлантирилган. 73 таси ёш боласи борлиги учун рад этилган. 178 таси тарафлар ярашганлиги учун бекор қилинган. Бу оилаларнинг барбод бўлиши оқибатида юзлаб фарзандлар жабр кўрган, қаровсиз, бошпанасиз қолганлиги аниқ. Ҳаётнинг бундай зарбаларига вояга етмаган болаларнинг бардош бериши жуда қийин албатта. Кошкийди, оилани бузиб, гулдек болаларни сарсон-саргардон қилиб кўчада қолдиришга арзийдиган бирор сабаб бўлса… Битта адашган СМСни баҳона қилиб оилани бузаётганлар, характеримиз тўғри келмайди, деган баҳонада туриб олганлар, турмуш ўртоғи четга ишга кетгач, қайнонанинг назорати ёқмаётган ўзбошимча келинлар, баъзида эса қайнонанинг зуғумига чидай олмаётган келинлар томонидан бузилаётган оилаларга ёки хиёнатнинг қора тамғаси кўплаб оилаларни барбод қилаётганлигига ҳам гувоҳ бўлаяпмиз.
Шу ўринда қайноналарнинг тилини боғлайдиган тарбия ва сабр-тоқат ҳақида ҳам тўхталиб ўтишни жоиз деб билдик.
Бир неча йил олдин қизини катта хонадонга узатган танишимизнинг ташвишлари ёдга тушди. Қизимиз ҳали ёш, турмушнинг синовларига унча тайёр эмас, деганига ҳам қарамасдан, билмаганини ўзим ўргатаман, буёғидан хавотир олманг, деб қудаларига қоп-қоп ваъдаларни берган қайнона эрталаб ишга кетишида бир олам юмушларни бажаришни таъкидлаб, кеч кирганда, уйга қайтадиган бўлди. Оиланинг бошқа аъзолари ҳам ишга эрта кетиб, кеч қайтарди.
Янги келин янги рўзғорнинг бошини ҳам охирини ҳам тополмай қолди. Ҳар куни тансиқ овқатлар тайёрлаш, тандирга умрида нон ёпмаган шаҳарлик келинга бундай вазифаларни бажариш оғизга осон. Қайнона синовларидан онасини хабардор қилди. Бу муаммодан қизнинг онаси гап чиқармади. Аксинча, ҳар куни бир чақирим йўл юриб, ҳамма ишга кетгач, қизи тушган хонадонга югурди. Биргаликда катта ҳовли саранжом- саришта қилингач, тандирга иссиқ нонлар ёпилди, қозонда ширин таомлар пиширилиб, яна ўз уйига шошди. Уйда рўзғор, бола-чақа… Бундай ҳол анча вақт давом этди. Қайнонанинг синовлари баъзан ошиб-тошиб кетганда, қизига ачиниб, ажратиб олсаммикин, деган хаёлларга ҳам борди. Сабр-бардош эса уларни қўллаб турди. Қизининг бахти учун қайғурган оналар шундай бўлади. Авваллари келиннинг онаси ёпган ширин ноннинг, димлаб кетган қозондаги ошнинг хушбўй ҳиди ишдан қайтган қайнонани, оила аъзоларини хурсанд қилган бўлса, кейинчалик келиннинг ўзи бу ишларнинг устасига айланди. Ойлар давомидаги бу “мактаб” сабоғи янги оиланинг мустаҳкамлигини таъминлади. Ҳозир ана шу оиланинг ширин фарзандлари чексиз меҳр оғушида бахтиёр бўлиб камолга етмоқда. Қайнонанинг севимли келини эса ҳурмат- эҳтиромда, катта оиланинг ҳақиқий бекасига айланган. Қудалар ҳам жуда аҳил ва иноқ.
Кейинги пайтда қизларни турмушга тайёрлаш тўғрисида жуда кўп гапирилаяпти. Ҳатто дастурлар ҳам қабул қилинган. Аммо қизларимизнинг барчасини турмушга тайёр деб айтолмаймиз. Авваллари хиёбонларда, хилват жойларда қўл ушлашиб юрган ҳали она сути оғзидан кетмаган ўқувчиларнинг бугун жамоат жойларида қўл ушлашибгина эмас, бемалол қучоқлашиб юргани миллатимиз шаънига доғ тушираяпти. Бугун хиёбонларда, кафеларда, ҳатто чилимхоналарда йигитлар билан уят ва андишани унутиб, саёқ юрган қизлар эртага кимнинг хонадонига келин бўлади, ўзи ҳар кўчада юрган бўлса, оила ва турмушнинг синовларидан қандай ўтади? Буларни инсофга чақиролмаган қайноналар додини кимга айтади? Қайнона она эмас, бизни яшашга қўймади, деб айбни ўзидан эмас, қайнонадан қидираётган, суд залларида оғзига келганни айтиб, ўзини шарманда қилаётган бундай келинларга қайнона бас кела олармикин?
Келинини ўз фарзандидек кўриб, билмаганини ўргатган, тўйдан олдин олий ўқув юртида ўқишига ваъда берган бўлса, лафзида турган, ёш оила тинчлиги учун турмушнинг барча қийинчиликларини ўз елкасига олган қайноналар- ҳақиқий оналар ҳам бор. Келиннинг камчилигини жанжал чиқмасин, деб ўғлидан яширган меҳрибон оналар ҳам кўп. Ўғлини ҳамма нарсадан мосуво қилиб, кўчада қолдириб, ажралиб кетган товламачи келинига аччиқ қилмай, набиралари учун ёрдам бераётган, бошқа хонадонда улғаяётган невараларининг ўқиши, яхши инсон бўлиши учун ҳеч нарсасини аямаётган қайноналарни ҳам биламиз.
– Ҳам отаси, ҳам онаси тирик бўла туриб, боласини “Меҳрибонлик уйи”га топшираётган ота-оналарнинг юраги тошданми, деб ўйлаб қоламан,-дейди Навоий шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи” директори Дилбар Арзиева – Кўнгил кемтигини ямаб ҳам, елимлаб ҳам бўлмайди. Тўғри, давлатимиз, ҳукуматимиз болалар учун барча шароитларни яратиб берган, улар учун ҳамма нарса муҳайё. Аммо… бола учун жондан-жонга ўтган она меҳри, қондан-қонга ўтган ота меҳрининг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди…Кўнгли ўксик бола минг қилсангиз ҳам, бағри бутун, баркамол бўлолмайди.
-Шу ўринда яқиндагина бўлган воқеани эслашни лозим топдим. Янги йил арафасида 23 ёшлар чамасидаги навбаҳорлик аёл 6 ёшли қизчасини бизга топшириш учун етаклаб келди. Узоқ суҳбатлашдик. Ўзи ёш, соғлом бўла туриб боласидан нега меҳрини дариғ тутаётган бу аёлга гап уқтиришнинг фойдаси йўқ эди.
Маълумотнома берган маҳалласига қўнғироқ қилиб суриштирсак, ҳукумат порталига ёзгани, боласини сиғдирмаганлари учун иккинчи турмуши ҳам ўхшамагани, айни пайтда ота-онасининг уйига ҳам сиғмай, кўчада қолгани аён бўлди. Қизчани “Меҳрибонлик уйи”га қабул қилдик. Орадан уч ой ўтиб, яқинда бир нотаниш аёл ва эркак ишхонамизга “Неварамиз шу ерда экан, олиб кетгани келдик” деб сўраб келди. Қизча ҳам уларни кўриб югуриб, қувониб, уларнинг бағрига отилди.
Келинимиз ёш эди, ўзича аразлаб кетавериб, оиласи бузилиб кетди,-деди собиқ қайнона. Тўғри, ҳозир ўғлимнинг оиласи, болалари бор. Аммо бу бола ҳам бизнинг жигарбандимиз-ку. Меҳрибонлик уйига топширганини эшитиб, ҳаловатимиз йўқолди. Боламнинг боласини, айниқса қиз болани ташлаб қўйсак гуноҳ бўлади. Мен уларга майли неварангизни бир икки кунга олиб кетишингиз мумкин, лекин васийлик ва ҳомийлик кенгашининг ҳужжатисиз бутунлай бериб юборишга ҳаққимиз йўқ, деб тушунтирдим. Тушунган, кўпни кўрган аёл экан, дарров тушунди, қанақа ҳужжат керак бўлса майли тайёрлаймиз дегач, қизчани меҳмонга олиб кетишга рухсат бердик. Бундан хабар топган онаси келиб, анча дилхираликларни келтириб чиқарди, аммо биз ҳам бўш келмадик, унга қиз боланинг келажагини, бахтини ўйлаши лозимлиги, эртага вояга етгач, минг зукко, минг яхши бўлса ҳам, меҳрибонлик уйида тарбияланганлиги учун уни оила бағрида камолга етган қизларга тенг кўрмасликларини тасаввур қилиб кўришини, бувиси кўз қорачиғида асраб- авайлаб тарбиялашини тушунтирган бўлдик. Аламзада аёл тушунди. Керакли ҳужжатларни расмийлаштириб бердик, ҳозир қизча “ Меҳрибонлик уйи”да эмас, меҳрибон бувиси билан бирга яшаяпти.
Шунақа қайноналар ҳам борлигидан жуда қувондик. Аксарият тарбияланувчиларимизнинг онаси ёки бувиси йилда бир кўришга келиб, болалари уларнинг изидан йиғлаб қолганини кўриб, парво ҳам қилмай, бегоналардек орқасига қарамай кетаётганига гувоҳмиз.
Бундай бағритошлар жажжи юракларга ўзлари етказган озорларни, ўзлари берган зарбаларни сезишга қодир эмас! Остонаси тилло уйни бузган шулар эмасми? Сиз нима дейсиз?
Маруса ҲОСИЛОВА.
Шарҳлар