АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги Ўзбекистонда разведка ишларини олиб бориш учун қонуний рухсатга эга бўлган
АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) дунёнинг 193 та мамлакатида маълумотлар йиғиш (разведка) ишларини амалга оширишга қонуний рухсатга эга бўлган. Бу ҳақда Washington Post нашри МХАнинг собиқ ходими Эдвард Сноуден маълум қилган ҳужжатлар асосида хабар беради.
Kun.uz сайтининг ёзишича, МХА 2010 йилдаёқ хорижий разведкалар фаолиятини назорат қилиш бўйича суддан рухсатнома олган. Ҳужжатда 193 та мамлакат, шу жумладан Ўзбекистоннинг номи ҳам кўрсатилган бўлиб, унга кўра МХА ходимларига разведка фаолиятини олиб бориш, ўзлари фойдали деб ҳисоблаган маълумотларни тўплаш, телефон суҳбатларини тинглашга рухсат берилган. Рухсатномада мазкур мамлакатлар АҚШ махсус хизматларининг “қонуний” қизиқишини уйғотиши мумкинлиги билдирилган.
Амалдаги халқаро келишувларга мувофиқ АҚШ фақат тўртта мамлакат – Буюк Британия, Канада, Австралия ва Янги Зеландияга нисбатан разведка ишларини олиб бормайди.
Газетанинг ёзишича, МХАда Жаҳон банки, Жаҳон валюта жамғармаси, Европа Иттифоқи ва МАГАТЭ устидан кузатув ишларини олиб боришга рухсат бўлган. МХАда ушбу объектларни кузатишга қонуний рухсат бўлса-да, улар бундан ҳамма вақт ҳам фойдаланмаган.
МХА вакиллари ушбу маълумотларга изоҳ беришдан бош тортди, деб ёзади нашр.
Фотосурат: © wikimedia.com
Шарҳлар