«Евроцемент» Ўзбекистонда янги завод барпо этмоқчи

«Евроцемент» Ўзбекистонда янги завод барпо этмоқчи

«Евроцемент груп» холдинги Ўзбекистонда йилига 2,4 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган янги заводни барпо этади.
 
Kun.uz нашри Газета.uz сайтига таянган ҳолда берган маълумотига кўра, айни пайтда «Евроцемент груп» холдинги «Оҳангаронцемент» корхонаси базасида «қуруқ» йўл билан цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги завод учун ускуналар етказиб бериш, лойиҳалаш, монтаж қилиш ва ходимларни ўқитиш мақсадида Хитойнинг China CAMC Engineering компанияси билан қиймати 128 миллион долларга тенг бўлган шартномани имзолади.

Янги заводни ишга тушириш ишлари 2016 йилга мўлжалланган бўлиб, у Ўзбекистондаги уй-жой ва инфратузилмаларни қуриш бўйича муҳим давлат лойиҳаларини юқори сифатли цемент маҳсулоти билан таъминлаши керак. Сўнгги замонавий технологияларнинг жалб этилиши муносабати билан заводдаги ишлаб чиқариш самарадорлиги икки баробар, меҳнат унумдорлиги уч ярим баробар ўсиши, атроф-муҳитга салбий таъсирлар сезиларли даражада камайиши кутилмоқда.

Тошкент вилоятидаги «Оҳангаронцемент» заводи 1961 йилда ташкил этилган бўлиб, катталиги бўйича мамлакатнинг иккинчи цемент ишлаб чиқарувчи корхонаси ҳисобланади. Заводнинг «ҳўл» йўл билан цемент ишлаб чиқариш қуввати йилига 1,8 миллион тоннани ташкил этади. 2013 йилда завод ишлаб чиқариш ҳажмини 6 фоизга ошириб, 1,62 миллион тонна цемент ишлаб чиқарган.

Ўзбекистонда ҳозирги вақтда умумий йиллик ишлаб чиқариш қуввати 9 миллион тоннага яқин бўлган еттита цемент заводи ишлаб турибди. Расмий статистик маълумотларга кўра, 2013 йилда Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш 2012 йилга нисбатан 3,1 фоизга ўсиб, 6,99 миллион тоннани ташкил этган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.