Танимасни сийламас, бироқ…

Танимасни сийламас

Маълумки, Мажбурий ижро бюросига энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги, ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан текширишлар ўтказиш, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш ваколати берилган. Ҳеч кимга сир эмас, ўтган давр ичида тўлов интизоми анча яхшиланиб, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар камайди. Айни пайтда нореал қарздорликлар ҳам бартараф этилди.
 
Ўз-ўзидан аёнки, мазкур жараёнда ижрочилар муҳим ўрин тутади. Агар истеъмолчининг барча хатти-ҳаракати қонунга мос бўлса, ижрочининг ҳуда-беҳуда безовта қилишга ҳаққи йўқ. Бироқ иш ижрога қаратилдими, қонунга итоат этиш шарт. Қуйида шу ҳақда сўз боради.
 
ИЖРОЧИНИНГ ЙЎЛИГА НЕГА ОЛОВ ЁҚИЛДИ?
Халқимизда “ҳисобли дўст айрилмас”, деган гап бор. Буни электр ва газ истеъмолига нисбатан ҳам қўлласа бўлади. Ресурс етказиб берилаяптими, демак, унинг ҳақини тўлаб қўйишни ҳам унутмаслик керак. Бироқ қўлдаги ҳамма бармоқ тенг бўлмаганидек, “истеъмолда – кирар жони, берарда – чиқар жони” бўлганлар ҳам ҳаётда учраб туради.
 
Бундай ҳолатни қарздорлиги бир неча миллион сўмни ташкил этгани ҳолда қарзини узишни хаёлига ҳам келтирмайдиган, қонуний тартибда ундиришга келганда эса зўр бериб қаршилик қилишга уринадиган кишилар мисолида кўриш мумкин.
 
Нишон тумани Наврўз қишлоғида яшовчи Баҳриддин Ражабовнинг (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) истеъмол қилган электр энергиясидан 1 миллион 538 минг сўм қарздорлиги бўлиб, шу билан бирга, вилоят иқтисодий судининг ижро ҳужжатига асосан “Агробанк” АТБ Нишон тумани филиали фойдасига ҳам 18 миллион 116 минг сўм тўлаши керак эди. Шунга асосан Мажбурий ижро бюроси Нишон тумани бўлими давлат ижрочиси Ҳ.Ҳамдамов суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида туман ИИБ ходимлари билан биргаликда унинг яшаш хонадонига боради.
 
Бироқ унинг қайнона-қайнотаси, кўпни кўрган, оқ-қорани фарқлай биладиган ёшга етган 70 яшар Бекмурод Янгиев ва Зулайҳо Муродова қарздор куёвини инсофга чақириб, уни тўлашга ундаш ўрнига давлат ижрочисини ҳақорат қилишади ва ижро ҳаракатларини амалга оширишга фаол қаршилик кўрсатишади. Шу билан бирга, мол-мулкни олиш учун жалб этилган автомашиналарни ижро ҳудудига ўтказмаслик мақсадида йўлга олов ёқиб юборишади.
 
Жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судининг очиқ суд мажлисида мазкур ҳолат кўриб чиқилди. Иш бўйича етказилган зарар ва ашёвий далиллар ўрганилиб, судланувчи Б.Янгиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисмининг “а” банди, 232-модда (суд ҳужжатини ижро этмаслик) 1-қисми билан озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
 
Судланувчи З.Муродова эса судда ўз қилмишига қисман иқрор ва пушаймонлик билдиргани, 67 ёшдан ошгани, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани ва жабрланувчи томонидан кечирилиб, унга нисбатан енгиллик бериш сўралгани муносабати билан Жиноят кодекси 70-моддасига асосан жазодан озод қилинди.
 
ЁРДАМ БЕРИШ ЎРНИГА КУЧ ИШЛАТИШНИ АФЗАЛ КЎРДИ
Бугунги ҳаётимизни электр энергияси ва табиий газсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис, мамлакатимизда электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларини тўла қондиришга комплекс ёндашилаётгани кўпчиликка маълум.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини тўлақонли таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва туман (шаҳар) бўлимлари томонидан жойларда турар ва нотурар жой фондини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.
 
Истеъмолчиларнинг электр энергияси ва табиий газдан бўлган ҳақиқий қарздорлигини аниқлаш мақсадида ҳар бир маҳалла кесимида ишчи гуруҳлар тузилиб, хатловдан ўтказилаяпти. Ўтган йили 550 минг 599 аҳоли ва улгуржи истеъмолчи хатловдан ўтказилиши натижасида 11 миллиард 471,4 миллион сўмлик нореал қарздорлик аниқланди.
Бугунги кунда олиб борилаётган барча ишлар халқимиз манфаатига қаратилган. Шундай экан, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш ва дебитор қарздорликни камайтириш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда нафақат мутасадди ташкилотлар, балки фуқаролар ҳам масъулдир. Афсуски, буни баъзи кишилар яхши англаб етмаяпти ва ёрдам бериш ўрнига масъул ходимларнинг ишига халақит ҳам беришаяпти.
 
Хусусан, Мажбурий ижро бюроси Миришкор тумани бўлими давлат ижрочилари К.Норбобоев ва Ҳ.Нормахмедов Миришкор тумани Гулшанбоғ қишлоғида турар ва нотурар жой фондини инвентаризациядан ўтказиш мақсадида Н.Рўзиқуловнинг хонадонига боришади. Фойдасини билмаган фуқаро уларга фаол қаршилик кўрсатади, ижрочиларни уриб, соғлиғига енгил шикаст етказади. Ўз навбатида давлат ижрочиларини ўз вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилади.
 
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Миришкор тумани судининг очиқ суд мажлисида судланувчи Н.Рўзиқулов айбига иқрор бўлиб, пушаймонлигини билдирди. Суд ҳукми билан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
 
Бугунги кунда аҳолининг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан, орамизда мана шундай нохуш ҳолатларни билиб-билмай содир этаётган фуқароларимиз ҳам учраётганлиги ачинарли ҳол, албатта. Кўриниб турибдики, қонунга риоя этмаслик, биргина хато юзи қораликка олиб келди.
 
ҚИНҒИРЛИКНИ ТАЛОНЧИЛИК БИЛАН БАРТАРАФ ЭТМОҚЧИ БЎЛДИ
Қонунларимизга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросига бефарқлик ва беписандлик билан қараш Косон тумани Нартибаланд маҳалласида яшовчи Достон Мустафоевга ҳам бегона эмас экан. Агар у қилаётган ишининг оқибатини ўйлаганида, қонунга зид ҳар бир қилмишга жавобгарлик борлиги, натижа бир умрлик тамға бўлиб қолишини англаганида, бошқача йўл тутарди балки.
 
Мажбурий ижро бюроси Косон тумани бўлими ходимлари томонидан Косон тумани Нартибаланд маҳалласида яшовчи истеъмолчиларнинг электр энергиясидан тўғри фойдаланиши юзасидан текшириш ўтказилганда, Боғишамол кўчаси 49-уйда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланади. Ходим мазкур ҳолатни ўз телефони орқали видеотасвирга олади. Сўнг бу бўйича далолатнома расмийлаштирмоқчи бўлганида, шу уйда яшовчи Достон Мустафоев ходимни ҳақорат қилиб, қўлини қайиради ва тан жароҳати етказган ҳолда қўл телефонини тортиб олади. Шу боис ходим ўз хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур бўлади.
 
Жиноят ишлари бўйича Косон тумани судининг очиқ суд мажлисида Достон Мустафоев Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилди. У ўз айбига қисман иқрор бўлиб, жабрланувчидан кечирим сўради ва бундай ҳолат қайта такрорланмаслиги, чин дилдан пушаймонлигини билдирди. Талончилиги ва хизмат вазифасини бажараётган ходимга қаршилиги сабабли унга нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
 
Унутмаслик зарурки, тизимда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар давомида турли кўринишдаги суиистеъмол ҳолатларининг олдини олиш ва яратилаётган тизимнинг самарали ишлаши учун барча зарурий чоралар кўрилмоқда. Буни барча фуқароларимиз тўғри англашса, тегишли қонун талабларига риоя этишса, мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига ҳам муносиб улуш қўшган бўлишарди.
 
Қ.ҲАЙДАРОВ,
Мажбурий ижро бюроси ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси катта инспектори
Р.ХУРРАМОВ,
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси катта инспектори
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.