Набира нега бувисининг қотили бўлди?

Набира нега бувисининг қотили бўлди?

Президентимиз Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Албатта, ёшларни юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта эгаллаган соғлом ва баркамол авлод сифатида вояга етказиш ҳозирги куннинг энг муҳим масалаларидан бири саналади.

Шу мақсадда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, уларни фойдали машғулотлар билан банд қилиш борасидаги чора-тадбирларга жиддий эътибор қаратилмоқда. 

Лекин шундай ҳолатлар ҳам учрамоқдаки, айрим ёшларимиз билимсизлиги ва атрофдагиларнинг бефарқлиги натижасида ҳатто ўз яқинларининг ҳаётига хавф солаётгани инсонни жиддий ўйлашга мажбур этади.

Интернет сайтларида 2017 йил 11 декабрь куни Қибрай туманида содир этилган жиноят тафсилотларини ўқиб, даҳшатга тушдим. 1991 йилда туғилган фуқаро оилавий келиб чиққан жанжал натижасида шу хонадонда яшовчи бувисини уриб, тан жароҳати етказади.
 
Бувини тумандаги шифохонага олиб келишади. Муолажаларга қарамасдан кекса аёл вафот этади.

Жиноят сабаблари ўрганилганда бу йигит доимий равишда спиртли ичимликлар ичиб келганлиги, уни тартибга чақирмоқчи, хато йўлдан қайтармоқчи бўлган бувисининг танқидларини тўғри тушуниш ўрнига бувиси билан жанжаллашиши натижасида унинг ўлимига сабабчи бўлганлиги аниқланган. 

Табиийки, бу воқеа тафсилотларини ўқиб, сизнинг ҳам юрагингиз увишади. Жиноят ўз-ўзидан содир бўлдими? Бунинг таг моҳиятига эътибор қаратсак, бундай жиноятлар асосида шахснинг иродасизлиги, ҳаётга енгил кўз билан қараши, атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бепарво ва лоқайдлиги ётади. Масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратсак. Сир эмаски, спиртли ичимликларни сотиш учун махсус лицензия талаб этилади. Лекин айрим кимсалар ушбу талабларни четлаб ўтиб, бемалол ичкилик сотмоқда.
 
Фуқаролар орасида ичкиликка берилганлар сони ортяпти. Бунга маҳалла ва фуқароларимиз кўп ҳолларда эътибор қаратмаяпти.

Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини қуриш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш, халқнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш каби мақсадлар йўлида кўплаб ишлар амалга оширилаётган бир пайтда халқимиздан ҳам бу борада масъулиятли бўлиш талаб этилади.
 
Бундай ҳолларда давлат ташкилотлари ёки нодавлат нотижорат ташкилотларнинг саъй-ҳаракатларига четдан томошабин сифатида қараб турмасдан, уларнинг фаолиятига фуқароларимиз ҳам амалий кўмак берса, ўйлайманки, бундай кўнгилсизликларнинг салмоғи сезиларли даражада камаярди.


Шерзод МАҲКАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги
ёшлар муаммоларини ўрганиш
ва истиқболли кадрларни тайёрлаш
институти тингловчиси.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.