Ўзбекистонда авиаташувчи ўзи етказган юк зарарини қоплашини белгиловчи қонун лойиҳаси тайёрланди

Ўзбекистонда авиаташувчи ўзи етказган юк зарарини қоплашини белгиловчи қонун лойиҳаси тайёрланди

Ўзбекистонда “Ташувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
 
Ҳужжат Молия вазирлиги ва яна бир нечта вазирлик ҳамда идоралар томонидан ишлаб чиқилди, дея хабар беради Ўзбекистон Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига биноан ташувчи йўловчиларнинг ҳаёти, саломатлиги, мулкига зарар етказганлик ҳамда юкининг йўқолиши ва шикастланиши учун жавобгар ҳисобланади.

Бизнинг миллий қонунчилигимизда йўловчиларнинг саломатлиги ва уларнинг мулкига зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас.

Шу билан бирга, бугунги кунда йўловчиларнинг саломатлигига зарар етказганлик учун суғурта Ўзбекистон Республикасининг “Ҳаво, темир йўл, умумий фойдаланувдаги ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларини шахсан мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонуни билан таъминланади. Мазкур қонуннинг таҳлили унинг замонавий меъёрларга жавоб бермаслигини кўрсатди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасидан мақсад йўловчиларнинг ҳаёти, саломатлиги ва мулкига зарар етказганлик учун ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Айтиш жоизки, қонун лойиҳасида мажбурий суғурта объектлари ва субъектлари ҳамда ташувчилар ва суғуртачиларга қўйиладиган талаблар аниқ белгилаб қўйилган. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.