5 йил ичида Самарқандда гўшт нархи деярли 3 бараварга кўтарилди

5 йил ичида Самарқандда гўшт нархи деярли 3 бараварга кўтарилди

Самарқандда яна гўшт нархи ошди. Шаҳар аҳолисининг сўзларига кўра, июнь ойининг бошларида бир килограмм мол гўшти 23 000 – 24 000 сўмдан сотилган бўлса, июль ойининг бошида нархлар 25 000 – 26 000 сўмга етган.

Самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг маълумотига кўра, 5 йил ичида шаҳарда гўшт нархи деярли уч бараварга ошган: 1 кг учун 2009 йилдаги 9000 сўмдан 2014 йилдаги 26 000 сўмгача.

“Ушбу маҳсулот нархининг кўтарилишини кузатар экансиз, кейинчалик нима бўларкан, нархларнинг бундай шиддат билан ўсишини кимдир тўхата оладими ёки секинлаштира оладими, деган савол туғилади. Ўзимнинг ушбу мавзудаги олдинги чиқишларимда маҳаллий ҳокимиятлар ҳузурида ишчи гуруҳлар ишлаётгани ва улар “гўшт нархи ошишининг олдини олиш мақсадида” ташкил этилгани ҳақида гапиргандим. Аммо бозор иқтисодиёти шароитларида нархларни тартибга солишнинг бошқача механизмлари керак”, – деб ҳисоблайди Раҳматуллаев.  

“Савдо тизимида ишловчи айрим ходимлар, ўзларининг кўп йиллик тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, кузга яқин, пахта териш мавсуми даврида ўсимлик ёғининг қиймати ошишини прогноз қилмоқда. Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин. Бир томондан, одатда сентябрь ойида, янги мавсум бошланаётганда, мамлакатдаги ёғ-мой комбинатлари таъмирлаш ишлари сабабли ўз фаолиятини тўхтатади. Бошқа томондан, аҳоли оммавий равишда пахта йиғим-теримига чиқиши муносабати билан ўсимлик ёғига бўлган талаб ортади. Шу боис кузда, 2-3 ой мобайнида, ёғ танқислиги ва нархларнинг ошиши кузатилади. Хўш, бу йил ушбу ҳолат такрорланадими? Буни вақт кўрсатади”, – деб ёзади журналист ўзининг блогида.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.