Саломатлигимиз ўз қўлимизда
Юртимизда айни пишиқчилик. Бозорлар, савдо мажмуаларига кирган кишининг саховатли заминимизда етиштирилган сархил мева-сабзавот, полиз маҳсулотларининг кўплигидан кўзи қамашади. Ушбу табиат неъматларини истеъмол қилиш, озиқ-овқат тайёрлаш ва уларни сақлашда санитария-гигиена қоидаларига, тозалик, озодаликка тўла риоя этмаслик ўткир юқумли ичак касалликлари келиб чиқишига сабаб бўлади.
– Ўткир юқумли ичак касалликларига қорин тифи, паратифлар, сальмонеллёз, ичбуруғ, вирусли гепатит ва бошқа хасталиклар киради, – дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бўлим мудири Ҳусан Сафаров ЎзА мухбирига. – Уларни ташқи муҳитга анча чидамли бўлган бактерия ва вируслар қўзғатади. Ушбу касалликлар иссиқ кунларда, ёз ва куз ойларида кўпроқ учрайди. Бунга сифати кафолатланмаган озиқ-овқатлар, мева-сабзавот, кўкатларни яхшилаб ювмасдан истеъмол қилиш, қайнатилмаган сув, турли чанқовбости ичимликлар, хонадонларда санитария-гигиена маданиятига риоя этмаслик, ифлосланган очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш асосий сабаб бўлади. Бу касалликларнинг яширин даври бир неча соатдан йигирма бир кунгача давом этиши мумкин. Масалан, сальмонеллёз хасталигининг яширин даври олти соатдан икки кунгача, ичбуруғ 2-7 кунгача, қорин тифи 7-21 кунгача давом этади. Ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши, тана ҳароратининг кўтарилиши хасталикнинг илк белгиларидан далолатдир.
Бундай вазиятларда бемор зудлик билан шифокорга мурожаат этиши лозим. Акс ҳолда, ичаклар фаолиятининг бузилиши, қон кетиш, ўткир буйрак етишмовчилиги ва бошқа қатор асоратлар юзага келиши, бу бемор ҳаётига жиддий таҳдид туғдириши мумкин.
Шифокорларнинг таъкидлашича, ўткир юқумли ичак хасталиклари аксарият ҳолларда маиший мулоқот, озодалик қоидаларига тўлиқ риоя этмаслик туфайли юқади. Бунинг олдини олиш учун озиқ-овқат тайёрлашда таомни яхшилаб пишириш ва ўз вақтида истеъмол қилиш, совуткичда узоқ вақт сақланган таомларни истеъмол қилмаслик, сотиб олинган озиқ-овқат ва деҳқончилик маҳсулотларининг сифатига эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга.
– Ўткир юқумли ичак касалликлари кўпроқ уч ёшгача бўлган болалар ўртасида тез-тез қайд этилади. Шу боис ёш болали оилаларда ота-оналар фарзандларини овқатлантиришда жиддий эътиборли бўлиши керак, – дейди пойтахтнинг Юнусобод туманидаги 51-оилавий поликлиника шифокори Нигора Ҳодиева ЎзА мухбири билан суҳбатда. – Болага ҳар бир таомни ўз вақтида тайёрлаб бериш, ортиб қолган овқатни такрор едирмаслик, қўшимча овқатлар билан озиқлантиришда оила шифокорининг тавсиясига риоя этиш лозим. Болаларга қўлларни тоза тутишни, оилада ҳар ким ўз сочиғидан фойдаланишни ўргатиш ҳар бир ота-онанинг бурчи.
Бозорлар, савдо мажмуаларида харид қилинаётган ҳар бир маҳсулотнинг сифатига, яроқлилик муддатига эътибор бериш савдо маданиятининг энг муҳим белгиларидир. Кўчалар, йўл бўйларида сифати кафолатланмаган, қўлбола усулда тайёрланган салқин ичимликларни истеъмол қилиш инсон саломатлиги учун хавфли ҳисобланади. Қовун-тарвуз харид қилишда ҳам уларнинг сифати текширилганини тасдиқловчи сертификатларга эътибор қаратиш зарур.
Замонавий тиббий-ижтимоий имкониятлардан оқилона фойдаланиш, овқатланиш вақтида шахсий гигиена қоидаларига тўла риоя этиш, хонадонларда тозалик-озодаликни таъминлаш ўткир юқумли ичак касалликлардан ҳимояланишнинг асосий йўли саналади.
Ҳар бир инсоннинг соғлом умр кечириши шубҳасиз соғлом турмуш тарзига риоя этишга боғлиқ. Кишида ўзи ва яқинларининг саломатлиги учун масъуллик ҳисси, тиббий маданияти қанчалик юқори бўлса, унинг соғлиғи ҳам мустаҳкам бўлади.
Шарҳлар