Япония компаниялари Ўзбекистонда меҳмонхона мажмуаларини қуриши мумкин
Шу йилнинг 17 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида (ТИАИСВ) Халқаро алмашув бўйича Япония-Ўзбекистон қўмитасининг раиси, Тиббиёт соҳасида ташқи техник кўмак бўйича Япония ташкилотининг президенти, “Мацумото” жамғармасининг раиси Кенъичи Мацумото бошчилигидаги Япония делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди, дея хабар беради ТИАИСВ матбуот хизмати.
Музокаралар давомида савдо-иқтисодий, инвестицион ва гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатларни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари, шу жумладан замонавий тиббий ускуналар ва юқори самарали фармацевтика препаратларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, Япониядаги етакчи тиббий муассасалар ва марказлар базасида мутахассисларни тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек сайёҳлик соҳасидаги, жумладан япон компанияларини республиканинг йирик сайёҳлик марказларида меҳмонхона мажмуаларини қуриш лойиҳаларига жалб этиш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар йўриб чиқилди.
Айтиш жоизки, Япония делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи шу йил 3 март куни Токиода “Мацумото” жамғармаси кўмагида ташкил этилган Ўзбекистон-Япония ҳамкорлик форуми якунлари бўйича эришилган келишувларга мувофиқ амалга оширилмоқда.
Делегация таркибидан Япониянинг замонавий тиббий ускуналар ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналари, шунингдек кимё, ахборот-телекоммуникация технологиялари, транспорт, логистика, сайёҳлик, суғурта ва бошқа соҳалар раҳбарлари ўрин олган.
Ташриф давомида Ўзбекистон Республикасининг ташқи ишлар, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирликлари ва бошқа идораларда учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган. 18 июль куни иккала мамлакат ўртасида амалий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича давра суҳбати ўтказилади. Шунингдек делегация аъзолари Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида бўлади.
Шарҳлар