Фикр: Ўзбек автомобиллари Қозоғистон авто ишлаб чиқарувчиларининг ривожланишига халақит бермоқда
Қозоғистондаги автомобиль заводларидан бири «АЗИЯ АВТО» АЖ президенти Ерик Сағимбаев Қозоғистон автомобиль ишлаб чиқарувчилари ўз маҳсулотини муваффақиятли экспорт қилиши учун ташқи савдо шериклар, хусусан Ўзбекистон билан муносабатларни “тўғирлаш” зарур деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Tegrinews.kz ёзади.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон 90-йиллардан бошлаб ўзбек автосаноати учун муҳим савдо бозори бўлиб келди. “UZ-Daewoo” автомобиллари маҳаллий бозорга божсиз асосда етказиб берилгани боис улар импорт ҳажми бўйича биринчи учталикдан жой олди.
Маълумки, жорий йилда ҚР техник регламентига тузатишлар киртилди, уларга кўра Қозоғистон бозорига ўзбек автомобиллари киритилиши чекланди.
«Саноқли ойлардан сўнг Ўзбекистон Қозоғистон техник регламенти талабларининг бекор қилинишига эришди. Бу нимага олиб келди? Бир ой ўтмасдан Қозоғистонга 20 мингта автомобиль олиб келинди. Таққосланг, ўтган йил давомида мамлакатимизга 13,3 мингта ўзбек автомобили импорт қилинган эди. Келинг, ҳақиқатга тик қарайлик: шу тарзда биз эвазига ҳеч нима олмасдан ўзбек автосаноатини ривожлантиришга кўмаклашяпмиз. Қозоғистонда йиғилган автомобилларни қўшни бозорга ҳатто назарий жиҳатдан экспорт қилиш имконияти ҳам йўқ. Бу масалада ташқи савдо бўйича адолат тантана қилиши керак ёки ўзбекистонлик ҳамкасблар ўз бозорига тенг ҳуқуқли божсиз экспортни тақдим этиши зарур ёки мантиқ ўзбек маҳсулотига нисбатан ҳам худди шундай чоралар жорий этишни талаб этади. Яъни Ўзбекистон чегарасида амалда бўлган божхона тариф ва акцизлари биз учун ҳам хизмат қилиши лозим. Шунда мувозанат тикланади», – дейди Сағимбаев.
Бундан олдин Қозоғистонда бешта автомобиль корхонаси фаолият юритаётгани ва уларнинг ҳеч бири ўз маҳсулотини тўлақонли экспорт қилаётгани ҳақида айта олмаётгани маълум қилинган эди.
Шарҳлар