Нега мусулмон мамлакатларида ҳайит байрами бир кунда нишонланмайди?
Маълумки, дунё мусулмонларининг энг катта байрамлари – Қурбон ҳайити ва Рамазон ҳайити барча мамлакатларда бир кунда эмас, балки бир мамлакатда бир кун олдин, бошқасида бир кун кейин нишонланиб келинмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири, ҳар бир мамлакатнинг географик жойлашуви туфайли янги чиққан ойни кўриш бир кунга фарқ қилишидадир. Шунинг учун ҳар бир мамлакатда мазкур масала бўйича мутасаддиларнинг илмийликка асосланган хулосалари эътиборга олинади.
Нега шундай? Нега барча мусулмон диёрларида ҳайит кунини бир кунда нишонлаш мумкин эмас?
Бу саволга тўғри жавоб бериш учун Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Янги ой ҳилолини кўриб рўза тутинглар, келаси ой ҳилолини кўриб рўзани тўхтатинглар!” – деган ҳадиси шарифларини эслаш зарур бўлади. Янги ойнинг ҳилолини эса, ҳамма мамлакатда ҳам оддий кўз билан кўриб бўлмайди. Ҳадиси шарифнинг давомида: “ҳаво булут бўлиб, ҳилол кўринмаса рамазон ойининг биринчи кунини олдинги ой – Шаъбон ойига ўтказиб, уни 30 кун қилиб рўзани 29 кун тутинглар” – дейилган.
Бундан ташқари, Қуёш ва Ойнинг чиқиши ва ботиши, кеча ва кундузнинг узун-қисқалиги, об-ҳавонинг тез ўзгариб туриши ва иқлимларнинг ўзаро фарқ қилиши ҳамда мазкур ҳадиси шариф кўрсатмаларини инобатга олиб, Имом Абу Бакр Косонийнинг “Бадое ас-саное” асарида кўрсатилгандек, ҳар бир мамлакат ўзининг иқлимига биноан рўза ва ҳайит кунларини белгилаши жоиз.
Бизнинг диёримизда ҳанафий мазҳаби таълимотлари асосида рўза асосан 30 кун бўлиши кўп кузатилган. Бинобарин, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чиқарилаётган тақвимлар ЎзР ФА Астрономия институти тадқиқотлари асосида ҳамда рўза ва ҳайит кунлари Уламолар кенгаши томонидан белгиланиб эълон қилинади. Мазкур эълонларга амал қилиш шаръан вожибдир. Шу боис айрим мутаассибларнинг иғвогарона ташвиқотларига берилмасдан, кўпчилик томонда бўлиб, ибодатларни ихлос билан адо этишни тавсия этамиз, деб ёзади Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот хизмати.
Шарҳлар