Қибрайда бузилаётган уйлар: «Биз билан нима бўлишига ҳамон изоҳ беришмади»
Қибрай туманининг Янгиобод қўрғонида 28 та уй бузилиши керак, сабаби – йўл кенгаймоқда. Қўрғон аҳолиси Anhor.uz таҳририятига маҳаллий ҳокимият қандай асосларда уйларни бузмоқчи эканига аниқлик киритишни сўраб мурожаат қилди.
«Шу йилнинг март ойидан бошлаб бизни кадастр ва ҳокимлик ходимлари бузиш ҳақидаги қарор деб тушунарсиз қоғозлар билан безовта қилишмоқда. Улар дастлаб олиб келган қоғозда давлат ҳудудларидаги ноқонуний қурилмалар ҳақида сўз борганди, яъни бу масаланинг бизга мутлақо алоқаси йўқ эди», – дейди шу қўрғонда истиқомат қилувчи Комила Пўлатова.
Ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқи. Президент қабулхонасига биринчи хат
Қўрғон фуқароси Мария Аджиумерова президент қабулхонасига ўзининг биринчи хатини 28 мартда ёзади, унда аёл мансабдор шахсларни юз бераётган воқеалар ҳақида аҳолини хабардор қилишни мажбурий қилиб қўйишни илтимос қилади. Хатга қўрғоннинг 15 нафар фуқароси имзолайди. Бундан олдин улар Қибрай туман бош архитектор в.б. Б.Обидовдан уларнинг ҳудудида ноқонуний қурилмалар борлиги ва аҳоли уларни ўзи ўз ҳисобидан бузиши кераклиги ҳақидаги хатнинг ксерокопиясини олган эди.
8 апрель куни фуқаролар Қабулхонадан жавоб олишади – унда Мария Аджиумерова билан тушунтириш суҳбати ўтказилгани ҳақида сўз боради. Мариянинг сўзларига кўра, 15 нафар фуқаронинг ҳеч бири билан ҳеч қандай тушунтириш суҳбати ўтказилмаган. «Қабулхонадан келган жавобга негадир опамнинг кадастр инспектори Алишер Холмуродов билан тушган сурати қистириб қўйилган эди», – дейди Мария.
«25 июнь куни ҳокимлик ходимлари баҳоловчилар билан бирга мулкни баҳолаш учун уйга киритишимизни талаб қилиб, бузилган уйлар ўрнида янги коттежлар қурилиши ҳақидаги гаплар билан уйма-уй юра бошлашди. Бунда улар уйлар бузилишини тасдиқловчи ҳеч қандай расмий ҳужжатларни тақдим этишмади. Биз уларни уйимизга қўймадик», – қайд этади Мария.
Президентга иккинчи хат
27 июнь куни Президент қабулхонасига иккинчи хат ёзилди, унинг остига 16 киши имзо қўйди. Жавоб хатида ҳокимлик ходимлари ҳақиқатдан ҳам 25 июнь куни “Ер тузилиши ва кўчмас мулк кадастри” ДК ходимлари билан бирга уйма-уй юришгани маълум қилинади. Хатда ҳокимлик йўлни кенгайтиришга қарор қилиши муносабати билан уйларни қайта рўйхатга олиш ишлари ўтказилгани қайд этилган.
24 июль куни Қибрай туман ҳокими Мираъзам Мирқосимов 15.03.2019 йилдаги уйлар бузилиши тўғрисидаги қарорни шахсан ўзи тақдим этади. Бу қарорда на кенгайтириладиган кўчалар номи, на уйлар рақами, на бузилиш муддатлари кўрсатилган, лекин унда уйлар аҳолининг ўз ҳисобидан бузилиши кераклиги ҳақида сўз боради. Фуқароларга қурилиш лойиҳаси ҳам тақдим этилмаган.
Қарорда бузилиш ишлари Президентнинг 2018 йил 3 январдаги ПҚ-3456-сонли қарори ва Тошкент вилояти ҳокимининг 2018 йил 10 февралдаги 128-сонли қарори асосида, шунингдек “Жойлардаги давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун (6 ва 25 бб.) асосида давлат аҳамиятига эга йўл ва коллектор қурилиши муноспабати билан Тошкент-Шарқий аэропорти базасида замонавий фуқаролик аэропорти қурилиши зарурати муносабати билан амалга оширилиши қайд этилган.
«Бизга олдиндан хабарнома юборишни унутган кўринишади. Бундан ташқари, биз олган қарорга 2019 йил 15 март санаси қўйилган. Фуқароларимиз изоҳ сўраб Қибрай тумани бош архитекторининг ҳузурига боришган бўлса-да (25 ва 27 март, 25 июнь, 9 июль), у ҳам бу ҳақда ҳеч нима демаганди», – дейди Аджиумерова Мария.
2 август куни архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича ҳоким ўринбосари в.б. Рустам Тошхўжаев уйлар бузилиши ҳақида оғзаки огоҳлантириш бўлганини айтди. Маҳаллий аҳоли уларни оғзаки огоҳлантиришганини рад этмоқда.
Учинчи хат
30 июль куни қўрғон аҳолиси учинчи хатни ёзади, энди бирданига 6 та жойга: Президентнинг жамоатчилик қабулхонасига, Олий Мажлисга, Вазирлар Маҳкамасига, Бош прокуратурага, Адлия вазирлигига, Тошкент вилоят ҳокимлигига. Хатда улар уй-жойлари бир неча йилдан буён бузилиш хавфи остида эканини қайд этишган.
«Мана бир неча йилдирки, уй-жойимизу ёки бу баҳоналар билан бузилиш хавфи остида […]. 2017 йилда гўёки бизнинг қўрғонимиздан ўтиши керак бўлган тезкор темир йўл қурилишининг бошланиши ана шундай баҳоналардан бири бўлганди».
Хатда фуқаролар Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарорига зид равишда режалаштирилаётган бузилиш ишларидан ярим йил олдин уйлар бузилиши ҳақида огоҳлантирилмаганликларини ёзишади. «Бу воқеалардан кейин савол туғилади – уйларимизни бузиш давлат учун зарурмикин? Бу савол билан бирга яна бир савол пайдо бўлади – давлат хизматчилари қайси тижорат тузилмаларининг ёки хусусий шахсларнинг манфаатларини кўзламоқда?», – дейилади хатда.
Фуқаролар Президентга мурожаат қилар экан, мамлакат ривожига йўналтирилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашларини таъкидлашади. “Аммо фақат ислоҳотларни, виждонсиз амалдорлар ислоҳотлар баҳонасида фуқароларнинг мулкини олиб қўйишини эмас”.
Қибрай туман ҳокимлиги
Фотосуратда: Қибрай туманидаги Янгиобод қўрғони
Anhor.uz таҳририяти Қибрай туман ҳокимлиги маъмуриятига қўнғироқ қилиб тушолмади. Шу боис биз Тошкент вилоят ҳокимлиги маъмуриятига вазиятга аниқлик киритишларини сўраб таҳририят номидан сўров жўнатдик.
Биз Янгиобод қўрғони аҳолисидан олган хатда шундлай дейилади: «Биз билан нима бўлишига ҳалигача изоҳ беришгани йўқ. Биз ҳозирча йўлга чиқиб, экскаватор остига ётиб олиш ёки бирор-жойни ёқиб юборишгача олиб борадиган даражадаги воқеалар ривожига етганимиз йўқ. Аниқроғи, бизни ҳали қуюшқондан чиқаришмади…».
Янгиобод қўрғони аҳолиси олган фотосуратлар
Шарҳлар