Наманган ҳокимлиги: иссиқхоналар, товуқхоналар ва тадбиркорларнинг маъмурий бинолари қабристон ҳудудида жойлашмаган
2019 йилнинг 8 август куни кечқурун “Озодлик” радиостанциясининг BUGUNUZ телеграм-каналига видео жойлаштирилди. Унда берилган хабарга кўра, Наманган шаҳар Гулобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қабристон ҳудуди кичрайгани учун 300 киши норозилик намойишига чиққан.
Наманган шаҳар ҳокимлиги бу маълумотни рад этди. “Озодлик” берган хабарда маҳалла вакилларининг сўзларига кўра, 1994 йил 6 мартда “Ижодкор” агрофирмаси йиғилиши асосида қабристон учун 8,5 гектар майдон ажратилган, бугунги кунга келиб ундан бор-йўғи 2,5 гектар майдон қолган.
«Аслида Наманган туман ҳокимининг 2007 йил июлдаги 401-сонли қарори билан “Ҳурматхон ая” қабристонининг ҳудуди 0.5 гектар қилиб белгиланган», – дейилади Наманган ҳокимлигининг хабарида.
Шунингдек, унда қабристон ҳудуди бир неча бор кенгайтирилгани ва ҳозир 2.5 гектар майдонни ташкил қилиши ҳам қайд этилади.
Ҳокимиятдагиларнинг таъкидлашича, “Ижодкор” агрофирмасининг қарори юридик кучга эга эмас, чунки Ер кодексининг 7-моддаси ва “Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари тўғрисида”ги қонуннинг 10 ва 25 моддалари асосида ер муносабатларини тартибга солиш соҳаси, шу жумладан ер участкаларини юридик ва жисмоний шахсларга сотиш шаҳар давлат ҳокимияти органларининг ваколатига киради.
«Қабристонга ажратилган ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган иссиқхоналар, товуқхоналар ва маъмурий бинолар жойлашган ернинг қолган 6 гектари аслида қабристон ҳудудида эмас, балки қабристон деворининг ташқарисидаги ҳудудда жойлашган», – қайд этилади ҳокимлик хабарида.
Куни кеча эса, 9 август куни ушбу норозилик намойишининг тўртта иштирокчиси милиция бўлимига олиб кетилгани ва у ерда улардан тушунтириш хати олингани ва кейин қўйиб юборилгани маълум бўлди.
Шарҳлар