Тойлоқдаги ноқонуний қурилиш, жанжал ва ИИБ изоҳи
Тармоқда Самарқанд вилояти Тойлоқ туманининг Қўтирбулоқ қишлоғида ички ишлар органлари ходимлари аёлларнинг қўлидан қайириб «автозак» юк машинасига ўтқизаётгани тасвирланган видео тарқалган.
Kun.uz мухбири ўтказган журналистик суриштирувга кўра, тойлоқлик С.Ж. 2016 йилда ҳеч қандай рухсатномасиз Қўтирбулоқ қишлоғи ҳудудидаги «Afsona travel» МЧЖга қарашли ерда ўзи учун уй қура бошлайди. Орадан уч йил ўтиб, у қурган уйи ноқонунийлиги борасида огоҳлантириш олади ва ўзининг қуриб битказилмаган уйини ўзи (!) бузишни бошлайди, деб ёзади нашр.
“Қурилган бино бузилаётганда эса С.Ж.нинг оила аъзолари бўлган аёллар экскаватор ҳайдовчисини тошбўрон қилишади. Кўп одам тўпланиб, оммавий тартибсизлик келиб чиққач, Тойлоқ туман ИИБ ходимлари воқеа жойига бориб аҳолини тинчлантиришга уринади. Аммо у ердаги аёллар томонидан фаол қаршилик кўрсатилгач, улардан бир нечтаси ИИБ машинасига олиб кирилади ва ўша ерда «тушунтириш ишлари олиб борилади». Бу аёллар ўша ернинг ўзида қўйиб юборилади”.
Аммо мухбирни уй бузилиши эмас, балки “аёлларнинг қўли қайирилиб (!) ИИБ махсус машинасига олиб кирилаётгани” ҳайрон қолдирган ва у энг аввало шу борада Тойлоқ туман ИИБ бошлиғига мурожаат қилган. Маълум бўлишича, видеода кўринган аёллар ИИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатган. Аёллардан бири ИИБ ходимининг погонини юлиб олишгача боргани айтилади. Подполковник Шермуҳаммедовнинг сўзларига кўра, оммавий тартибсизлик вақтида уни келтириб чиқарган фуқароларнинг жинси ёки бошқа фарқли жиҳатларига қаралмас экан. Бундан ташқари, туман ИИБ бошлиғи ҳеч бир фуқарога тан жароҳати етказилмаганини маълум қилди, – дея қайд этади мухбир.
Шунингдек, мухбир “Нега жанжал видеоси икки ойдан кейин тарқалди?” деган саволга ҳам жавоб излайди. “Маълум бўлишича, видео Россиядан туриб жойланган. Уни ким олгани ҳам номаълум. Туман ҳокимининг фикрича, бу видео Тойлоқ туманининг ва хусусан туман ҳокимининг номини ёмонотлиқ қилиш учун тарқатилган.
Дарвоқе, ўзининг айтишича, ноқонуний қурган уйини огоҳлантиришдан сўнг ўзи бузган фуқаро С.Ж. ҳар куни интервью беришдан чарчагани, унинг шахсий муаммоси интернетда тарқалиб кетганидан қаттиқ ранжиганини айтди”, – дея қайд этади мухбир.
Шарҳлар