Оққўрғон бозорида нима юз берганди?

Ижтимоий тармоқларда аёллар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари ўртасида тўқнашув акс этган видео тарқалди. Унда аёллардан бири хушидан кетгани кўринган. Воқеа 14 август куни Тошкент вилоятининг “Оққўрғон деҳқон бозори”да юз берган.

«Бозорда икки қаватли бино қурилиши кетяпти, – дея қайд этади Тошкент вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати. – Қурилиш яқинида аёллар озиқ-овқат ва мева-сабзавот сотишган. Қурувчилар бозорга кириш жойини ёпа бошлаганида, аёллар қурилиш ишларини тўхтатишни талаб қилишган. Ҳолбуки бу асосий кириш жойи эмас, балки орқадан кириш жойи эди».

Ҳокимиятдагиларнинг маълум қилишича, аёллар маҳсулотларни йўл ўртасида сотишган. Ўз навбатида, бу транспорт ҳаракатига халақит берган ва жойларда тирбандликларни юзага келтирган.

«Барча тушунтириш ишларига қарамасдан, беш нафар аёл шовқин-сурон кўтарди. Ўз навбатида воқеа жойига ИИБ ходимлари, хусусан, майор Э.Арслонов, катта лейтенант И.Раимов, катта лейтенант У.Турсунов, капитан А.Мирзалиев ва сержант С.Жумаевлар етиб келди. Улар тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, терговгача бўлган текширув ишларини бошлаб юборишди», – дейишмоқда ҳокимият вакиллари.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.