Нуқсонли товарни алмаштиришнинг қонуний тартиби бор
Олтиариқ туманидаги касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Ж.Аҳмаджонов туман марказида фаолият юритиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор Ф.Х.дан жорий йилнинг апрель ойида телевизор сотиб олади. Бироқ телевизор ҳеч қанча вақт ўтмай носоз ҳолатга келиб қолади. Харидор бу хусусда сотувчига бир неча марта мурожаат этишига қарамай, унинг талаби қондирилмайди. Натижада истеъмолчи ариза орқали Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти (ИҲҲҚЖ) мутахассисларидан кўмак сўрайди.
Ж.Аҳмаджонов мурожаатини ўрганиш жараёнида қуйидагилар маълум бўлди. Истеъмолчи “Samsung” 32450 Led русумли телевизорни бир йиллик кафолат муддати билан 1886 минг сўмга сотиб олади. Бироқ ушбу телевизор бир йил тугул, бир ой ҳам ўтмай яроқсиз ҳолатга келади. Истеъмолчининг бу ҳақда сотувчига қўйган қонуний талаби бажарилмайди. Олтиариқ туман ИҲҲҚ жамияти ходимларининг аралашуви билан юқоридаги ҳолат бартараф этилиб, нуқсонли телевизор бошқасига алмаштириб берилди, деб ёзади Ўзбекистон Истеъмолчиларининг ахборот ресурси.
Қонун нуқтаи назаридан қаралганда, албатта, бу ерда истеъмолчи ҳақ. Чунки “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи томонидан узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ва хизматларга кафолат муддати белгиланган. Шунингдек, қонуннинг 13-моддасига биноан истеъмолчи товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб бериш, нуқсонларини бепул бартараф этиш, шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш талабларини сотувчига қўя олади.
Юқоридаги ҳолатда истеъмолчи сотувчига нуқсонли товарни мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш талабини қўйган. Бу ҳолатда сотувчи истеъмолчи талаб қўйган пайтдан бошлаб етти кунлик муддатда (агар товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида) алмаштириб бериши шарт.
Шу ерда ўринли савол туғилиши мумкин: агар сотувда шундай маркали (моделли, артикулли) товар бўлмаса, сотувчи нима қилиши керак? Бу ҳолатда истеъмолчининг товарни алмаштириб бериш тўғрисидаги талаби даъво қилинган пайтдан эътиборан бир ой ичида қондирилиши лозим. Сотувчилар шуни унутмасликлари керакки, қонунга биноан ана шу муддатларнинг ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун сотувчи истеъмолчига алмаштирилган товарни бериш билан бир вақтда товар баҳосининг бир фоизи миқдорида пеня ҳам тўлайди, дея изоҳ беради Олтиариқ тумани ИҲҲҚ жамияти мутахассиси Д.Умарова.
Шарҳлар