Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорларга тажовуз қилганлик учун Жиноий кодексга ўзгаришлар киритишни таклиф қилди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Ўзбекистон Республикаси Жиноий кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқди.

Лойиҳада ўз хизмат вазифасини бажараётган тиббий ходимга бемор ва унинг яқинлари томонидан тажовуз қилишни Жиноий кодекснинг 277-моддасига мувофиқ малакалаш таклиф этилмоқда. Ушбу модда оғирлаштирувчи ҳолатларга эга безорилик учун жавобгарликни кўзда тутади.

«Яқинда Андижон вилоятида юз берган ҳолат ушбу лойиҳани қабул қилиш заруратини кўрсатди», – қайд этилади Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарида.

Вазирликдагилар тиббий ходимларга тажовуз қилган шахслар айрим ҳолатларда ҳеч қандай жазосиз қолишини таъкидлашмоқда.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олий Мажлисдан шифокорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадларида амалдаги қонунчиликни кучайтиришни, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан фуқароларнинг шифокорларга таҳдид ва тажовуз қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича жиддий ва кескин чораларни қўллашни, шунингдек келгусида ушбу йўналишда профилактика ишларини кучайтиришни сўрайди», – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, охирги бир ярим йил ичида беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан шифокорларга 300 дан ортиқ тажовуз қилиш ҳолати аниқланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.