2020 йилда меҳнат мигрантларига 3000 дан ортиқ квартира ажратилади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга кўра, 2020 йилда уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжи бор меҳнат мигрантларига 3462 та квартира ажратилиши кўзда тутилган.
Шу йилнинг 1 октябридан бошлаб 1 йил муддатга микрозаймлар (2 млн.сўм) тақдим этиш амалиёти жорий этилади, бунда фуқароларнинг чет элда ишга жойлашиши билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун ҳужжатлар 1 банк куни давомида тезлаштирилган тарзда расмийлаштирилади.
Суғурта компанияларига фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалларни уларнинг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврига суғурта қилиш бўйича суғурта мукофоти суммаларини қоплаш мақсадида йилда бир марта ҳар бир суғурта қилинган меҳнат мигранти учун 50 минг сўм миқдорида бир марталик субсидиялар тақдим этилади.
Президент фармонига мувофиқ Республика Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича комиссия ҳамда Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича департамент ташкил қилинмоқда.
1 октябрга қадар Ягона миллий меҳнат тизими доирасида «labor-migration» дастурий мажмуи жорий этилиб, унга кўра мигрантларга кредитлар, субсидиялар, микрозаймлар ва кўп хонадонли уйларда квартиралар тақдим этилади.
Шарҳлар