Сенаторлар аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди
Сенаторлар “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Бу ҳақда Repost нашри Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисидан хабар беради. Қонуннинг мақсади аёлларнинг зўравонлик ва тазйиқларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Янги қонуннинг 16-моддасига мувофиқ тазйиқ ва зўравонлик қурбонлари ҳақидаги маълумотлар ҳамда зўравонликни содир этган ёки зўравонликни содир этишга мойил бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Статистика давлат қўмитасининг ягона электрон маълумотлар базасига ваколатли органлар ва ташкилотлар томонидан киритилади.
30-моддага кўра, тазйиқ ва зўравонлик қурбонига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлган барча шахсий маълумотлар шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик томонидан муҳофаза қилинади.
Тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар тазйиқ ва зўравонликни содир этганликда айбдор деб топилган шахсдан ундирилиши мумкин. Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш чораларини молиялаштириш ишлари тегишли ваколатли органлар ва ташкилотларнинг маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ажратмалари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.
Шарҳлар